ПИЛЛАЧИЛИК СЕРДАРОМАД СОҲА

Пиллачилик қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан. Шу кунларда ипак қурти уруғи тарқатилиб, парвариши бошлаб юборилди.

Жорий йилда туманда 3185 қути ипак қурти парваришланиб, 178 тонна 360 килограмм ҳосил олиниши кўзда тутилган. Шунда ҳосилдорлик ўртача 56 килограммданга тўғри келади. Тумандаги мавжуд 8 та инкутаборияда хориждан келтирилган қурт уруғлари белгиланган меъёр асосида жонлантирилди. Шу кунларда 158 та фермер хўжалигидаги 1800 нафар, шунингдек, 1149 та хонадондаги касаначига ипак қурти уруғлари тарқатилмоқда. Туманда хонадонма хонадон юриб,  пиллачилик билан шуғулланаётган оилалар билан суҳбатлашдик. Улар пиллачилик сердаромад эканлигини айтиб ўтишди.  Айниқса,  «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз фуқароларга ўз хонадонларида пиллачилик билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиб беришда кўмаклашилаётганлиги ва шу орқали уларнинг бандлиги таъминланаётганлиги эътиборлидир.

Учрашувларимиз давомида туманда фаолият юритиб келаётган «Маржон тола Файз» МЧЖда ҳам бўлдик. Ҳудуддаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар ушбу корхонада иш билан банд қилинган.

Пиллачиликни сердаромад соҳага айлантириш, пировардида пиллакорларнинг моддий манфаатдорлигини орттириш борасида амалга оширилаётган ишлар, албатта, ижобий самарасини кўрсатади.

Барно МИРЗАМОВА, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.