ДИЛЛАР ЯҚИН, КЎНГИЛЛАР ШОД
Янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўрни ва аҳамияти салмоқлидир. Хусусан, ёшларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг замонавий касбларни эгаллашга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уюшмаган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи, экологик маданиятни шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш ишлари кенг кўламли фаолиятининг бир қисмидир.
Душанба куни Ўзбекистон ёшлар итти
фоқининг бир гуруҳ фаоллари юқоридаги мақсадлар ҳамда туманимиз ёшлари билан самимий мулоқот ўтказиш, уларни қийнаётган муаммолар хусусида ўртоқлашиш ниятида туманимизга ташриф буюрдилар. Таркибида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаш аппарати ходими Хуршида Дўсбекова, социолог Анвар Ғафуров, қўшиқчи Абдували Ражабов, театр ва кино актёри Сухроб Ҳасанов каби бир қатор таниқли ижодкорлар бўлган меҳмонларни кутиб олиш маросими 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида катта тантанага айланиб кетди. Унда сўз олган туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев меҳмонларни самимий қутлаб, уларнинг ташрифлари туманимиз ёшлари қалбларида яратувчанлик ва ижодкорлик хусусиятларини юзага чиқаришда туртки бўлажагини билдириб ўтди. Бундай жонли мулоқотлар туман тиббиёт бирлашмаси, “Шаршара” масканида ҳам уюшмаган ёшлар вакиллари билан давом этди.
Шу куни масканда жам бўлган туманимизнинг умидли спортчилари, бадиий ва амалий санъат вакилларидан иборат бир гуруҳ ёшлар пойтахтлик меҳмонлар билан ўзаро фикр алмашдилар.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Кесканёр маҳалласида яшовчи Одилжон Иномов ҳамда Шифокор маҳалласида яшовчи Давронбой Тўраев хонадонларидаги никоҳ тўйида бўлишди. Айтиш жоизки, қишлоқ хонадонларидаги тўй-ҳашам пойтахтликларда катта таассурот уйғотди. Хонадон соҳибларининг илиқ муносабати, меҳмоннавозлигидан таъсирланган қўшиқчи Абдували Ражабов шундай дейди:
-Ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчиликдан ҳоли ушбу тантана, самимий, кулиб турган чеҳрали уйчиликлардан кўпчилик ўрнак олса арзийди. Ушбу таассуротларимиз билан ҳали кўп жойларда ўртоқлашишни режа қилдик.
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Наманган илмий тажриба станциясидаги ёш тадбиркорлар, фермерлар билан учрашув ҳам эсда қоларли бўлди. Суҳбат чоғида ўзаро тажриба алмашиш, маҳорат мактаблари хусусида режа-тадбирларни ўртоқлашиш борасида келишиб олинди.
Оқшом чоғи туман марказидаги «Тоҳиржон ота» дам олиш масканида ёшлар сайли тадбири ташкил этилди. Пойтахтлик фан, санъат ва маданият ходимлари томонидан уюштирилган гала концерт барчага кўтаринкилик улашди, йиғилганларни рақсга чорлади.
***

Бирлашган маданият ва аҳоли дам олиш марказида ҳам «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остидаги маънавий-маърифий тадбир ҳам сермазмун ўтди. Унда пойтахтдан ташриф буюрган бир гуруҳ адабиёт, маданият ва санъат арбоблари аҳоли билан жонли мулоқот, дилдан суҳбат уюштиришди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири Ойбек Турғунов мамлакатимизнинг истиқлол йилларида босиб ўтган шонли йўли, ислоҳотларнинг самараси, тинчлик-осойишталикнинг қадри хусусидаги мулоҳазалари барчани мушоҳадага чорлади. Актриса Юлдузхон Ҳайдарова ижросидаги монолог даврага кўтаринкилик бағишлади. Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, рассом Дилмурод Йўлдошев ушбу тадбирда ўзининг шахсий кўргазмаси билан қатнашди. Марказ музейига суратларидан бирини тақдим қилди.
Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази хонандалари Султонали Ўрозов, Маҳмуджон Ўринбоевларнинг дилтортар куй-қўшиқлари кечани файзиёб этди.
Тадбир сўнгида Республика маънавият тарғибот маркази туман бўлими мутахассиси Дилмурод Абдуқаҳҳоров меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдирди.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

