ИШОНЧНОМА ОРҚАЛИ ПЕНСИЯ ОЛИШ ТАРТИБИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомда пенсия тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкинлиги айтилган. Ўзбекистон Республикаси ташқарисида расмийлаштирилган ишончномага ушбу ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли органи томонидан апостиль қўйилиши лозим, бундан фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар конвенциясининг (Минск шаҳри, 1993 йил 22 январь) иштирокчи давлатлари – Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар мустасно.
Бунда ишончнома берган шахс пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида бир марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсионернинг келиши имконияти мавжуд эмаслиги (соғлиғи туфайли, даволаш муассасаларида, шу жумладан, руҳий ҳолати бузилган шахслар учун стационар даволанишда бўлиш) тўғрисида маълумотлар олинганда, Пенсия жамғармаси бўлимлари ходимлари тайинланган пенсияга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун пенсионер турган жойга чиқишлари мумкин.
Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда пенсионер Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек, пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим.
Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт.
Туманда жорий йилнинг 1-чорагида 8 нафар ишончнома орқали пенсия олувчилар мавжуд бўлиб, улардан 2 нафари пенсия жамғармасига келиши имконияти мавжуд эмаслиги туфайли Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ва консуллик муассасаларининг тегишли ҳужжатлари асосида тўлаб берилмоқда.
Феруза ҚОДИРОВА, БТПЖ туман бўлими пенсия ва нафақалар тўлови мониторинг гуруҳи 1-тоифали мутахассиси.

