ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН

Безгак – трансмиссив, яъни анофелис безгак чивинларининг чақиши орқали тарқаладиган касаллик. Айрим ҳолларда безгак касаллиги билан хасталанган бемор(донор)нинг қони иккинчи бир инсонга қуйилиши, беморга ишлатилган шприц игналарнинг қайта ишлатилиши орқали ўтади. Туғма безгак онадан болага йўлдошнинг шикастланиши натижасида юқади.

Безгак касаллигининг безгак чивини чаққандан бошлаб, беморда касалликнинг 1-клиник аломатлари пайдо бўлгунча яширин даври 7 кундан 16 кунгача, узоқ яширин даври 5 ойдан 12 ойгача, айрим ҳолларда эса 2 йилдан 3 йилгача бўлиши мумкин.

Бирламчи безгакда беморнинг боши оғриб, дармони қурийди, бутун бадани қақшайди, 3-4 кун ўтгач, безгак хуружи бошланади.

Безгак касаллигининг олдини олиш мумкин. Бунинг учун:

-эпидемиологик вазияти оғир бўлган ёки безгак эндемик ўчоқлари бўлган мамлакатларга, вилоятларга хизмат сафари ёки туристик саёҳатга кетаётган фуқаролар безгак касаллигини юқтиришдан эҳтиёт бўлиш чоралари ҳақида тўлиқ маслаҳат ва ёзма эслатмаларни ҳудудий даволаш профилактика муассасаларидан олишлари;

-безгак чивинининг кўпайиши мумкин бўлган кўлмак сув ҳавзаларида энтомологик назорат олиб бориш, зарурат бўлганда, кимёвий воситалар ёрдамида дезинсекция ишларини ўтказиш чораларини кўриш;

-кераксиз сув ҳавзалари ва ботқоқликларнинг қуритилиши;

-хонадонларда ва аҳоли яшаш ҳудудларига 3 км. масофадан яқин бўлган майдонларда шоли экиб, етиштирилишга йўл кўймаслик;

-чивин чақишидан ҳимояланиш мақсадида тураржой бинолари-нинг дераза-эшикларига тўрпардалар тутиш ҳамда пашшахоналардан фойдаланиш зарур. Булардан ташқари, қадимдан табобатда қўллаб келинаётган исириқни яшаш хоналарида тутатиш ҳам жуда яхши самара беради.

Сабохон ОРТИҚОВА,

туман СЭО ва ЖСБ паразитология бўлими мудири,

Аъзамжон ЮЛДАШЕВ, олий тоифали паразитолог врач ёрдамчиси.