СОЛИҲЛАР РЎЗАСИ
Азиз ҳамюртлар!
Тутган рўзангизнинг «хослар рўзаси», «солиҳлар рўзаси» деган ном олиб, мукаммал бўлиши учун қуйидагиларга эътибор беринг:
1. Барча ёқимсиз ва ёмон нарсалардан кўзни тийиш ҳамда қалбни Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга машғул қилмаслик.
2. Тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фахш-уят гаплар, жафо, хусумат, мақтанчоқликка ўхшаш нарсалардан тийиб, сукутни лозим тутиш, уни Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул қилиш. Бу, тилнинг рўзаси бўлади.
3. Қулоқни эшитиш макруҳ бўлган барча нарсалардан, бошқача қилиб айтганда, юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг ҳаммасидан сақлаш. Чунки гапириш мумкин бўлмаган барча нарсани эшитиш ҳам мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳаром еювчи билан ёлғон эшитувчини баробар санаган.
4. Қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан сақлаш ҳамда ифтордан кейин қоринни шубҳали таомлардан сақлаш. Зотан, қоринни ҳалол нарсадан сақлаб рўза тутиш, кейин ҳалол бўлмаган нарса билан ифтор қилишнинг маъноси ҳам йўқ. Ҳаром динни ҳалок қилувчи заҳардир. Ҳалол даво бўлиб, ози фойдали, кўпи зарарлидир.
5. Ифторда ҳаддан ташқари кўп еб, қоринни тўйдириб юборишдан сақланиш. Бундай қилиш билан рўзадан кўзланган мақсад амалга ошмайди. Чунки рўзадан кўзланган мақсадлардан бири очликнинг машаққатини ҳис қилишдир. Мазкур мақсадга эришиш эса рўзадан бошқа вақтларда нонуштада тановул қилинадиган таомни саҳарликда ва кечки овқатда тановул қилинадиганини ифторда истеъмол қилиш билан бўлади. Ифтордан сўнг қалби хавф ва ражо орасида изтиробга тушиб туриши лозим. Чунки рўзаси қабул бўлиб, мукарраб бандалар қаторига қўшилдими ёки қабул бўлмай, ғазабга учраганлардан бўлдими, бу аниқ эмас-ку. Ҳар бир ибодатдан фориғ бўлгандан сўнг шу ҳолатда бўлиш лозимдир.
Рамазон ибодатларни кўпайтириш, гуноҳлардан мағфират сўраш, Қуръон билан ошно бўлиш, Аллоҳга қулликни юксак чўққисига кўтариш ойидир. Шундай бўлгач, Рамазонни тақво, ҳалоллик, ҳусни хулқ ва яхшиликлар ойига айлантириш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. «Абдуллоҳ ибн Умар» масжиди имом хатиби Маҳмуджон ЭРГАШЕВ тайёрлади.

