ТАҲЛИЛ, РЕЖА, ТАВСИЯЛАР
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати раиси Танзила Норбоева Уйчи туманига ташриф буюрди.
Дастлаб Баландариқ МФЙ ҳудудидаги «Водий ипак гилами» қўшма корхонаси МЧЖ, тикувчилик цехи фаолияти ҳамда бу ерда ишловчи аёллар ва ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишилди.
Даҳиякота МФЙда яшовчи ўзини ўзи банд қилган фуқаро Рашидахон Маҳмудова икки йилдирки, хонадонида қўзиқорин парваришлайди. У келгусида фаолиятини янада кенгайтириш ва қўзиқорин етиштириш бўйича тажрибаларини ўргатиш истагида.
Сенат раиси мазкур хонадонда хотин-қизлар ва фаоллар билан яқиндан мулоқотда бўлиб, Юртбошимизнинг табриги ва самимий тилакларини етказди. Қўзиқорин етиштириш бўйича тўпланган тажриба ва уни кенг оммалаштирилаётгани, бу орқали хонадонларда хотин-қизлар бандлиги таъминланаётганини қўллаб-қувватлади.
3-сектор ҳудудидаги Жийдакапа МФЙда фаолият кўрсатаётган «Мусахон Асалой келажаги» МЧЖ раҳбари Моҳидил Исоқова қўшимча 100 та ишчи ўрни яратиш ҳаракатида. Шу мақсадда у Наманган саноат техникумининг бўш турган ётоқхона биносининг биринчи қаватида 1 млрд. сўмлик тикувчилик ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш ниятида.
Сенат раиси Танзила Норбоева тадбиркор Моҳидил Исоқова фаолияти ва унинг келгуси режалари билан танишиб, мана шундай ёниб турган ёшлар сафи янада кенгайишини тилади.
Шунингдек, Наманган саноат техникумининг бўш турган ётоқхона биносининг 2 ва 3-қаватларида ижтимоий уйлар ташкил қилиб, тумандаги кам таъминланган, уй-жойга муҳтож фуқароларга ажратиб бериш таклифи лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Туман ҳокимлигининг мажлислар залида халқ депутатлари туман, вилоят Кенгашлари депутатлари, ОАВ вакиллари билан мулоқот ўтказилди ва уларни ўйлантираётган муаммолар бўйича суҳбатлашилди. Учрашув давомида Сенат раиси маҳаллий Кенгашлар фаолияти, Кенгашлар қошида ташкил этилган «Халқпарвар» комиссияларининг ипотека кредитлари ажратилиши ва уй-жой қурилишини назорат қилишдаги иштироки, бюджет маблағларини шакллантириш ва ҳар чорак давомида ижроси юзасидан сессияларда масъуллар ҳисоботини тинглаб бориш каби муҳим масалалар юзасидан тавсиялар бериб ўтди.
Мулоқотда туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этдилар.
Тожихон ОХУНОВА, туман Кенгаши депутати.

