БОБОЛАР МАТОНАТИ – ЁШЛАРГА ЎРНАК
Тинчлик. Бу сўзнинг қанчалар ёқимли, нақадар қадри баландлигини доимо ҳис этиб турамиз. Айниқса, «Хотира ва Қадрлаш куни» яқинлагани сайин ушбу туйғу бир неча баробар ортиб бораверади.
Кўз олдимизда кўксини орден-медаллар билан тўлдирган нуронийларимиз ҳар гал гавдаланаверади. Аммо уларнинг кўксига қадалган ҳар бир нишон ортида қанчадан-қанча машаққат, заҳмат, жасорату матонат ётганини бир дақиқа кўз олдимизга келтириб кўрайлик, азизлар. Ахир оғзидан олов пуркаётган аждарҳодек даҳшат солувчи, кундан-кунга қудрати юксалиб бораётган фашизм балосини ер юзидан супириб ташловчи кучнинг борлигига дунё аҳли ишонмаган, ўша кезлари. Бу «чўпчак»ни рўёбга чиқарган қаҳрамонлар ўша ёвдан ҳеч бир хайиқмай, ажал панжасига ўзини урган мард ва жасур ота-боболаримиздан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Афсуски, бундайин тирик афсоналаримиз сафи йилдан-йилга камайиб бормоқда.
Аммо бир муҳим жиҳати аниқки, уларнинг инсоният тараққиёти йўлида қўйган тамал тошлари бугунги мусаффо осмон, фаровон турмуш гарови бўлиб хизмат қилаётганини унутишга ҳаққимиз йўқ, асло. Қолаверса, ёш авлод онгу шуурида шонли ўтмишимизда ўчмас из қолдирган ота-боболар жасоратига эҳтиром ва эъзоз туйғуларини шакллантириб боришни ҳар бир соҳа ва тармоқ эгаси ўз бурчи ва мажбурияти мисолида қарамоғи жоиз.
Урушнинг аянчли оқибатлари, фронт ортидаги оғир турмушдан сўзловчи бадиий асарлар, хроник картиналар, «Ўзбекфильм»нинг олтин фонди дурдоналари «Сен етим эмассан», «Қирқ биринчи йил олмалари», «Фарҳоднинг жасорати», «26-си отилмасин», «Ой бориб, омон қайт», «Армон» каби бадиий фильмларда акс этган воқеа-ҳодисалар ўзбек халқининг энг оғир шароитларда мисли кўрилмаган жасорату матонатларидан ҳикоя қилади. Уларнинг давомчиси бўлмиш замондош эл, эртанги кун эгаси ёш авлод улардан андоза олиб камол топса, бугунги осойишта ҳаётимиз бардавом бўлишига ҳеч шубҳа йўқдир.
Умида ҚОДИРОВА, туман давлат архиви етакчи архивчиси.

