ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

1921 йил 1 май куни Ўнҳаят шаҳарчасида туғилган давлат ва жамоат арбоби Акрамжон Зокиров ҳаёт бўлганларида юз ёшни қаршилаган бўлар эдилар.

1939 йилда ўрта мактабни тугатган А.Зокировни Уйчи туман ҳарбий бўлими томонидан ҳарбий хизматга чақирилади ва у иккинчи жаҳон уруши бошланишидан уруш тугагунга қадар жанг майдонларини тарк этмади.

1943 йилнинг 21 сентябрь куни А.Зокиров рота билан Чернигов областида дарё қирғоқларини қўлга киритиш учун мардона жанг қилди. У чекинаётган душманнинг Макшин аҳоли пунктига яшириниб олган тўдасига қуюндай ташланиб, уни яксон қилди.

Чернигов областида гитлерчи каллакесарлар учун сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди. У чекиниб бориб, Гомелни ишғол қилмоқчи бўлди. Душман найранги аён бўлиб қолди. Фашистлар колоннаси жадал кетиб турган Чернигов – Гомель шоссесини кесиб, уни тўхтатиб қўйиш зарур эди. Бу ниҳоятда масъулиятли топшириқ рота командири Акрам Зокировга берилди. Моҳир, жасур командир шиддат билан қишлоққа ёриб кирди. Малъунларнинг 20 та автомашинаси яксон бўлди. 30 нафар душман сафдан чиқди. Рота Пилипча қишлоғининг ярмини қўлга киритиб, белгиланган маррани мустаҳкам эгаллаб олди.

676-ўқчи полк командири, подполковник Оноприенко Акрам Зокировни жанг пайтида шахсан кўрсатган жасорати учун Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига тавсия этди. Тавсияни юқори ҳарбий раҳбарлардан 15-ўқчи дивизия командири, полковник Грибенник, 29-ўқчи корпус командири, генерал-майор Слишкинлар ҳам тўла маъқуллаб, 1943 йилнинг 7 октябрида имзо чекдилар. Бироқ Армия ҳарбий Совети буйруқни ўзгартириб, ўртоқ А.Зокировни III даражали Кутузов ордени билан тақдирлашни лозим топди…

Зокировнинг жанговар ҳарбий юришлари Донбасс орқали Дон соҳиллари бўйидаги Брянск фронти, Курск ўркачлари, Днепр дарёси, Белоруссия ўрмонлари, Польша ва Забайкальеда душман билан юзма-юз курашиб, юқорида айтилган шаҳарларни немис босқинчиларидан тозалашда мардонавор жанг қилиб, зафар қучди.

1946 йил сентябрь ойида ҳарбий хизматдан бўшаб, ўз она юртига қайтган А.Зокиров 1946 йил декабрь ойидан 1950 йилгача Уйчи ва Чортоқ туманлари партия қўмитасида котиб ва бўлим бошлиғи, 1968-1972 йилгача Наманган вилоят ижроия қўмитасининг меҳнат ресурсларидан фойдаланиш бўлимида бўлим бошлиғи вазифаларида ишлади. 1972-1981 йилгача вилоят маҳаллий саноатига қарашли ремонт-қурилиш бўлимида бошқарувчи бўлиб фаолият олиб борди. 1981 йилдан умрининг сўнгги кунигача Уйчи туман ижтимоий таъминот бўлими бошлиғи лавозимида ишлади.

Иккинчи жаҳон уруши жанглари ва тинчлик даврида кўрсатган жасоратлари учун 6 та орден ва 14 та медаль билан тақдирланган.

1981 йилда Москва Останкино (ҳозирги ОРТ) телевидениесида ҳарбий ёзувчи Владимир Карповнинг «Жасорат» кўрсатувида очерк бериб кўрсатилди. Яна режиссёр Вера Федорченко томонидан А.Зокировга бағишланган «Оталаримиз жасорати» ҳужжатли фильми яратилган ва бир неча марта республика, вилоят телевиденияларида кўрсатилган.

Халқ, Ватан учун қилинган хизматларингизни халқимиз унутмайди. Сиз доимо халқимиз қалбида фарзандларингиз, набираларингиз юрагида абадий яшайсиз. Умр йўлдошингиз сизни вафотингиздан сўнг сизга ушбу мисраларни бағишлаганлар:

«Дариғо – қадри олий қадрдоним,

Жаҳондан кўзни юмди жонажоним.

Жаҳонда номини қолдириб абадга

Ўзи кетди жафокаш қаҳрамоним.» Ўғлингиз Баҳодир ЗОКИРОВ.