АЗИЗ ВА ҚАДРЛИ ОТАЖОНИМ ЭРКИНЖОН АҲМЕДОВ!

Бугун соғинч тўла қалб сўзларимни кўз ёшларим билан фақат оқ қоғозгагина туширмоқдаман. Зеро, бу юрак, бу қалб шу билан таскин топгандай…

Гўзал баҳор бор тароватини табиатга кўз-кўз қилишни бошлаган, атиргулларнинг хушбўй ҳидлари атрофга бўй таратган кунларда таваллуд кунингизнинг ўзи Аллоҳнинг кароматидир.

Шу кунларда соғинч ҳисси туфайли дунёларга сиғмай қоляпман. Айрилиқ қанотларимни қайиргандай гўё.

Отажоним! Меҳрибон чеҳрангизни, муҳаббатли сўзларингизни жуда-жуда соғиндим. Укажоним Шавкатжоннинг кўзларидан ўзингизни, Шуҳратжонда меҳрингизни, Давлаталида – сўзингизни, онажонимда эса борлиғингизни кўргандай овунаман.

Отажоним… Бу дунё аслида бир тутам экан. Минг битта оҳимиз билан олам аталмиш маконнинг бир эшигидан кириб, бошқа эшигидан чиқиб кетар эканмиз. Ундаги ҳар кун, ҳар лаҳза хайрли ишлар учун берилган бир имконият экан. Бу маконнинг поёни қайдалигини, умр интиҳоси қачон тугашини билмас эканмиз. Бугун кулиб турган нигоҳлар, ёқимли овозлар эртага армонга айланиши мумкин экан.

Бугун онажоним таваллуд кунларида тўпландик. Отажоним… 5 фарзандни тарбиялаб, халқимизга нафи тегадиган инсонлар қилиб ўстирдингиз. Ҳар биримиз изингиздан бориб, жамиятимизга ҳалол меҳнат қилмоқдамиз. 26 нафар набира, 14 нафар эвара сизни ҳамиша ёдлашмоқда. Кенжа эварангизнинг исмини «Эркинжон» деб атадик. Илоҳим, комил инсон бўлсин. Биз, фарзандлар сиздан розимиз, отажон. Илоҳим, руҳингиз шод, охиратингиз обод бўлсин.

Сизсиз уй-тун, ранглар йўқолар,

Сизсиз боғим бор, йўқдир боғбоним.

Боғларимнинг сирин билмайман,

Сизсиз кўнгилларнинг сурури ярим.

Кенгликдаги осмоним – Отам!

Чексизликда денгизим – Отам!

Эгилмас зўр қоям эдингиз,

Тошмайдиган уммоним – отам. Қизингиз Зулхумор КАРИМОВА.