СИЗНИ СОҒИНАМАН

Дунёда шундай туйғулар борки, инсон уларсиз яшай олмайди. Гоҳо шод, гоҳо ғамгин ўй-хаёлларга солади. Бироқ, соғинч деб аталмиш туйғу бизни шунчалар кўп ўй ва хаёлларга ошно этадики, беихтиёр ўтган умрни, ширин хотираларни қайта-қайта эслайверасан. Бугун субҳи тонгдан соғинч тўла хотираларни ўйлайман. Бежиз эмас, албатта. Тушимда онамни кўрибман. Бошларида оппоқ харир дока рўмол, аста бошимни силайди. Ота-онам соғинчидан қалбим ором олармикан, дея қабристон томон йўл олдим. Қабристон ичра юрар эканман, унда-бунда кимнингдир гоҳ «болам» деб, кимнингдир эса «отам», дея изтироб чекканини ва яна кимдир сокинлик билан Яратганнинг иродаси ва марҳаматидан умидворлик ила Қуръон тиловат қилиб, юзига фотиҳа тортар эди. Ана отам қабри… сал нарида эса онаизорим мангу оромда… Секин чўккалайман… Қуръон тиловат қилиб, юзимга фотиҳа тортаман. Бироз кўнглим таскин топгандек гўё. Хаёлларим азиз инсонларим билан суҳбат қўмсайди… Беихтиёр ота-онам билан қалбан  сўзлашаман… Наҳотки, оз фурсат ичида бирин-кетин бу дунёни тарк этдингиз.

Яратган шунчалар сизларни бир-бирингизга меҳрли ва садоқатли этиб қовуштирган эканки, боқий дунёда тез  кўришмоқликни ихтиёр этдингизми?.. Кўзларимда маржон-маржон ёш қалқади…

Отажон! Бугун ҳар бир яшаётган куним гўзал ва фаровон, бироқ сиз ва онамнинг йўқлигидан ҳаётим кемтикдек, гўё… Ҳар қанча меҳр берсалар-да лекин сиз ва онамдайин бўлолмас экан… Умр бўйи ҳалол меҳнат қилиб, беш нафар қиз фарзандни камолга етказдингиз. Гоҳо фақат қиз фарзанд кўрган оталар ҳақида гап кетса, сиз ҳаёлимга келасиз. қиз фарзандингиздан ўксимадингиз. Ўқимишли, эл ҳурматига сазовор инсонлар қилиб тарбияладингиз. Бир лаҳза ҳам ўғлингиз йўқлигидан нолимадингиз, бизларни еру кўкка ишонмадингиз. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам «Кимни учта қизи бўлса, уларни жойласа, кифоясини қилса, раҳм-шафқат қилса, ўша одамга, албатта, жаннат вожиб бўлади», -деган ҳадисларини эшитиб, шояд Яратган эгам сиз ва онамга равзаи жаннатидан жой берган бўлсин, дея дуо қиламан.

Эсимда, турмушга узатилган  куним ҳовлимиз четида юм-юм йиғлаганингиз… Гоҳо кўча-кўйда сиз каби нуронийларни кўрсам, кўзларимга ёш қуйилади. Ҳаёлимга  шоирнинг бетакрор сатрлари келади…

Мўйсафид оталарга қуш каби талпинаман,

Кўрсам гар сувратларин сув мисол қалқинаман.

Ўйламай яшайману, аммоки соғинаман,

Соғинсам, отажоним излайин қаерлардан.

Онажон! Сизлар билан ўтган ҳар бир куним умрнинг энг гўзал ва азиз дамлари бўлиб қолади. Отажон! Қиз бўлиб қадрингизни орттирсам, шоядки, ўғилдек яхши ном билан ортингиздан раҳмат ва олқишларга кўмилсам, шунда   Сизларнинг олдингизда андак бўлса-да қарзимни узган бўлармидим?! «Тирикликнинг ўзи ҳам зўр мукофотдир», -дея ҳофиз куйлаганда минг бора ҳақли эди. Сизларни суратларда, тушларимда юз кўришиш ҳам менинг учун чинакам бахтдир…

Жамила ПЎЛАТОВА, туман АКМ ахборот-библиография хизмати раҳбари.