«ҲОКИМ ВА ЁШЛАР»

Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Наманган илмий тажриба станциясида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Унда дастлаб беш ташаббус бўйича олиб борилаётган ибратли ишлар, шахмат-шашка, бадиий гимнастика, рассомчилик, мусиқа тўгараклари фаолияти, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш қилинди. Туман маданият бўлими хонандалари ҳамда 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби истеъдодли ўқувчилари бадиий чиқишлари билан барчани мамнун этдилар. Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Исамат Эргашев ҳам иштирок этиб, ёшлар билан яқиндан мулоқотда бўлди.

Маданий-маърифий тадбирлардан сўнг «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бошланди. Унда туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов ҳамда сектор раҳбарлари қатнашиб, ёшларнинг мурожаатларини тингладилар. «Ёшлар дафтари»га киритилганлардан 125 нафарининг муаммо ва таклифлари эшитилди. 10 нафар ёшлар чорвачилик, 5 нафари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кредит маблағлари ажратилишини сўрашди. Учрашув давомида ёшлардан 35 нафарининг мурожаати жойида ҳал этилди. Қолганлари назоратга олинди.

Отабек ЖАЛОЛОВ,

туман Кенгаши депутати.