РАҒБАТ – ҒАЛАБАГА УНДАЙДИ

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон миллий терма жамоалари спортчиларининг Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритишлари, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори, спорт салоҳияти ва ютуқлари тизимли равишда ошиб боришини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда ёшлар ўртасида тобора оммалашиб бораётган «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», Универсиада спорт мусобақаларини ўзида мужассамлаган уч босқичдан иборат яхлит тизим яратилди. Мазкур тизим орқали нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчилар етишиб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги «Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорига кўра кенг миқёсда аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Жумладан, Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасини бошқаришга фаол кўмаклашиш, жамоат ва спорт ишларига босқичма-босқич жалб этишга доир «Катта спортдан кейинги фаолият» ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилиши белгиланган.

Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларига тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш миқдорлари белгиланган. Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар учун умрбод тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилиши назарда тутилган.

Юқори маҳоратли спортчилар узлуксиз равишда ўқув-машғулот жараёнида бўлишларини таъминлаш мақсадида, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида сиртқи бўлим очиш юзасидан аниқ таклиф киритиш белгиланди. Бу, ўз навбатида, спортчиларга машғулот ва мусобақалар билан боғлиқ фаолиятларидан ажралмаган ҳолда таълим олишларига ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги билимларини оширишга ва келажакда мураббийлар сафига қўшилишларига имконият яратади.

Қарорга мувофиқ, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари бир йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш курсидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларига хусусий спорт муассасаларини барпо этиб, ўзларининг маҳорат мактаблари фаолиятини кенг йўлга қўйиш имкониятини яратиш мақсадида уларга «ноль» қийматида бинолар бериш, ер ҳамда банклардан кредитлар ажратиш, бошқа имтиёзлар бериш юзасидан зарур чоралар кўриш белгиланди.

Қарор доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг жамия-тимиз ҳаётидаги ролини янада кучайтириш, спорт мусобақа-ларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчи-ларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спорт-чилар ва уларнинг тренерлари меҳнатини муносиб рағбат-лантириш, қолаверса, нуфузли халқаро майдонларда Вата-нимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спорт-чиларимиз сафларини тобора кенгайтиришга хизмат қилади.

Зокиржон ҚАҲҲОРОВ,

16-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.