МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР
2-сонли касб-ҳунар мактабида туман ҳокими ташаббуси билан туманда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллигига бағишлаб «Аждодлар жасорати» мавзусида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда ёш тадбиркор Одина Умрзоқованинг «Баҳорий нафосат дизайнер талқинида» номли миллий либослар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбир Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, туман маънавият ва маърифат кенгаши, маданият бўлими, «Уйчинома» газетаси, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида ташкил қилинди. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, «Аждодлар жасорати» мавзусида ўтказилган танловда бешта йўналиш бўйича 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган элликдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Эътиборли томони, танловда Жиззах вилояти, Мингбулоқ, Тўрақўрғон туманларидан, Наманган шаҳридан ҳам ёшлар вакиллари иштирок этдилар. Улардан 15 нафарига ғолиблик ва фахрли ўринлар насиб этди.
Ғолибларни туман Кенгаши депутатлари Р.Назарова, Г.Ҳакимовалар қутлаб, китоблар жамланмаси, ташаккурнома, фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғаларини топширдилар. Туман маданият бўлими хонандалари маданий хизмат кўрсатдилар.
Муаззам ПИРМАТОВА, Уйчи туманидаги 12-мактаб ўқитувчиси.

