МАФКУРАВИЙ ТАҲДИДЛАРДАН АСРАЙЛИК
Бугунги кунда интернет тармоғи сизу бизнинг ишончли ҳамкоримиз ва дўстимизга айланиб қолди. Фаолият жараёнимиз учун зарур бўлган манбаларни топишимиз ва улардан ўз ўрнида фойдаланишимиз учун қўл келмоқда. Лекин, танганинг иккинчи томони ҳам борки, бу ҳақда ижобий гап айтиш мушкул. Медиа-саводхонлик бобида тушунчаларимиз етарли бўлмагани боис ундан фойдаланиш қоидаларини қўпол равишда бузяпмиз. Глобал тармоқдан қандай фойдаланиш лозимлигини билишимиз керак. Йўқса, унинг маънавий зарарларидан озор чекаверамиз.
Айрим сайтларда жамиятимизга, менталитетимизга зид ва энг ёмони, юртимиз шаъни билан боғлиқ тарқатилаётган маълумотларнинг асоссиз эканини ҳар бир тафаккурли юртдошимиз англайди, албатта. Баъзан тенгдошларимиз, ҳамкасбларимиз, турли касб эгаларининг «Энди биз интернет тармоғисиз биронта ишимизни битира олмаймиз», деган гаплари қулоғимизга чалиниб қоляпти. Эҳтимол, уларнинг сўзларида ҳам ҳақиқат бордир. Аммо, 330 триллиондан ортиқ электрон манзилларни ўзида жамлаган бу тармоқ қанчадан-қанча инсонлар турмуш тарзининг бузилишига, ёшлар тарбиясининг издан чиқишига сабаб бўлиб, турли диний оқим ва жиноий гуруҳларнинг чангалига тушиб қолиши мумкинлигини барчамиз тушуниб етяпмизми? Талабалар ва ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам бу тармоқдан тўғри фойдалана оляптиларми?
“Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди.
Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак. Мана, гап нима ҳақида кетаяпти!
Бунинг учун ўзини жамиятимиз, ёшларимиз маънавияти, ғоявий-мафкуравий тарбияси учун масъул деб билган инсонлар – бу маҳалла ёки диний ташкилотлар бўладими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки катта таъсир кучига эга ижодкор зиёлилар бўладими – уларнинг барчаси, айниқса, фаол бўлишлари лозим”, дея таъкидладилар Президентимиз шу йил 15 июнь куни пойтахтимизда ўтказилган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқларида.
Яна бир масалага эътибор қаратиш лозим. Яъни, турли электрон манзиллардан кириб келаётган маълумотлардан қандай ҳимояланиш мумкин? Дастурловчилар, сайт ташкил этувчи мутахассислар ва компаниялар интернетдаги бузғунчи ғоялардан қандай ҳимояланиш йўлларини ҳам излашса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Расулбек УММАТОВ.

