ТОЗА ҲАВО – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

Атмосфера ҳавосини автомобиль воситаларидан чиқаётган зарарли моддалардан муҳофаза этиш олдимизда турган глобал муаммолардан бири саналади. Зарарли моддаларни камайтириш учун турли технологик жараёнларни қўллаган ҳолда кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Автомобилларнинг техник ҳолати юқори даражада бўлмоғи зарур. Транспорт дудбўронидан чиқаётган ис гази миқдорини меъёрида сақлаш, автомобиль карбюраторларининг нормал ишлашини таъминлаш атмосфера ҳавосини асраш демакдир.

Ҳозирда ҳавога ажралиб чиқаётган азот оксидининг 30-60, ис гази ва карбонат ангидриднинг 40-90, қўрғошиннинг  35-95, қаттиқ заррачаларнинг 10, SO2 ва канцероген моддаларнинг 5 фоизи бевосита автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади.

Вилоятда мавжуд автотранспорт воситаларининг асосий қисми шахсий автотранспорт воситалари ҳисобланади. Транспорт воситаларидан атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдори транспортлар сонининг кўпайиши билан йилдан-йилга ортиб бормоқда, лекин транспорт воситаларини сиқилган газ мосламасига ўтказилиши натижасида транспорт воситасидан чиқаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори сезиларли камайганлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни талабларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 1996 йил 31 мартдаги 12/79/137-сонли «Тоза ҳаво» ойлиги тадбирлари ўтказиш тўғрисидаги қўшма буйруғига асосан Республикамиз миқёсида бўлгани каби вилоятимиз ҳудудида ҳар йили икки босқичда «Тоза ҳаво» назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Иккинчи босқич 10 августдан 10 сентябрга қадар ўтказилади.

Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад кўчма ифлослантирувчи манбалар устидан давлат назоратини амалга ошириш, автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалаларига кенг жамоатчилик диққатини жалб қилиш ҳамда фуқаролар ва корхоналарнинг табиатни муҳофаза қилиш қонунлари талабларига риоя қилишларидан иборатдир.

Биз нафас олаётган ҳаво мусаффо бўлса, унинг таркиби экологик ва санитария қоидалари талабларига жавоб берсагина, фуқароларимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлаган бўламиз.

Араббой АЗИМОВ,

Нозимжон ҲАМДАМОВ,

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспекцияси инспекторлари.