ЭРТА ТУРМУШ ҚУРИШНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ
Қонун томонидан белгиланган никоҳ ёшига етмаган қизларни турмушга узатиш кейинги пайтларда кўпроқ учрамоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, она ва болалар ўлими аксарият ҳолларда айнан 16-18 ёшда турмуш қурганлар орасида кузатилмоқда. Ёш оилалар ўртасида ажралишларнинг кўплигига турлича сабаблар кўрсатилса-да, аксар оилалардаги ночорлик ва етишмовчилик шу оиланинг барбод бўлишига олиб келаётир.
Фарзандни уйлантириш ёки турмушга узатиш ота-она бурчи ҳисобланади. Бироқ бу бурчни тезроқ адо этишга шошаётган баъзи ота-оналар тўй-маросимларини жуда эрта, ҳатто қонунда белгиланган никоҳ ёшига етмасдан туриб адо этишга уринмоқда. Қиз бола мактабни тугатар-тугатмасдан унинг уйига совчи серқатнов бўлса ва у барвақт турмуш қурса, шу хонадон файзли эканлигидан гўё далолат бергандек. Маҳалла-кўйларда, ўзбек оилалари орасида ҳаттоки қизини тезроқ эрга бериш норасмий пойгаси ҳам вужудга келган.
Айни пайтда 16 ёшли қизларнинг турмушга узатилаётгани фожиаларга ҳам олиб келаётганига кўз юмиб бўлмайди. Бунда бизнинг қонунимизда, Оила кодексида қизларни турмушга бериш 18 ёшдан, ўғил болаларнинг уйланиши 18 ёшдан қилиб белгиланган. Аммо қизларнинг физиологик вояга етиши жуда катта аҳамият касб этади, чунки улар келгусида фарзанд кўриши керак.
Фарзандларни эрта уйлантириш ёки узатиш одати натижасида, ҳали на маълумоти, на тайинли касб-ҳунари бўлмаган йигит-қизлар оила қуришиб, моддий жиҳатдан тўла ота-она қарамоғида бўлишади. Айни пайтда кўпгина оилаларнинг иқтисодий ночор аҳволи ҳам ёш оилаларнинг бузилишига олиб келаётган ҳолат экани айтилади.
Ўзбекистонда нисбатан ёш оилаларнинг пайдо бўлишини миллий анъана сифатида талқин қилувчилар ҳам топилади. Бироқ кўплаб ёшлар ва зиёлиларнинг бу анъанага қарши чиқаётгани жамият тараққиёти жараёнида айрим урф-одатлар секин-аста истеъмолдан чиқариб ташланиши лозимлигини кўрсатмоқда.
Зулайҳо АТАХОНОВА, туман ФҲДЁ бўлими мудири, вилоят Кенгаши депутати.

