СЕКТАЛАР – ОММАВИЙ ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК ҚИРҒИН ҚУРОЛИ
Психологлар секталарга айнан ана шундай таъриф берганлар. Бугунги кунда уларнинг сони тахминан беш мингга яқин. Замонавий воқелик бузғунчи секталарнинг инсон онги ва қалби учун кураш йўлидаги фаолиятининг жонланиши кузатилаётганини кўрсатмоқда.
Миссионерлар ўзи ким? Уларни қандай ажратиш мумкин? Биринчи танишув, суҳбат чоғидаёқ улар сиз учратган одамларнинг энг мулойим ва меҳрибони қилиб кўрсатади; сизнинг ўй-фикрингиз, ёқтирган машғулотларингиз билан қаттиқ қизиқади; барча саволларга жавоби борлиги, барча муаммоларнинг ечимини билишини даъво қилади.
Секта бу – фақат ўзини «ҳақ дин», инсонларни «нажотга етказувчи» деб даъво қиладиган, аслида эса муайян сиёсий ва иқтисодий мақсадларни кўзлайдиган гуруҳдир. Унинг белгилари қуйидагилардан иборат:
-ўз раҳнамоси ва гуруҳининг бошқалардан мутлақ устунлигини даъво қилиш;
-аъзоларнинг ҳаёт тарзи ва бўш вақтларини қатъий назоратда ушлаш;
-жаҳон динларининг муқаддас манбаларини ўз ақидасига мос равишда ўзгартириш, уларни аслиятдан чекинганликда айблаш;
-ўз ғояларини сингдириш учун махсус онгни бошқариш ва манқуртлаштириш усулларидан фойдаланиш;
-«хослар» ва «оддийлар» учун алоҳида-алоҳида қоидаларни яратиш;
-ўз фаолиятининг асл мақсади ва оқибатларини яшириш;
-анъанавий динлар, миллий-маънавий қадриятларга кескин муносабатда бўлиш ва инкор қилиш;
-ўз мол-мулки ва даромадини секта ихтиёрига топширишни тарғиб қилиш;
-охирзамон ҳақидаги суҳбатларга тез-тез мурожаат қилиш.
Секталар асосан ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган, дунёвий ва диний маълумоти саёз бўлган ёшларни ўз домига тортади. Шуларни эътиборга олиб, улар билан тўқнаш келганда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим бўлади: сиз билан Худо ҳақида суҳбатлашмоқчи бўлган нотаниш одамлар билан мулоқотга киришманг, миссионерлар билан баҳслашманг. Унутманг, улар суҳбатга махсус тайёргарлик кўришади, уйингизга нотаниш одамларни киритманг, кўча-кўйда йўлиққан миссионерларга телефон рақамингиз ҳамда уй манзилингизни берманг, секта аъзоларига муаммоларингизни айтманг.
Музаффар МУСАБАЕВ,
туман прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

