ҲАЖ ЗИЁРАТИГА ЖЎНАБ КЕТИШДИ
Истиқлол шарофати билан ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод, виждон эркинлиги таъминланди. Ҳар йили кўплаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратларига эмин-эркин бориш шарафига мушарраф бўлмоқдалар.
16 август куни туманимиздан ҳам эллик нафар фуқарони (26 нафари аёллар) муборак Ҳаж зиёратига кузатиш олдидан маросим бўлиб ўтди. Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежидаги кузатиш маросимида туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман бош имом хатиби, гуруҳ раҳбари Исроилхон Қирғизбоевлар иштирок этиб, ҳамюртларимизга самимий тилакларини билдиришди, оқ йўл тилашди.
-Умр йўлдошим билан кўп йил қишлоқ хўжалигида ишладик, -дейди Эзгулик маҳалласида яшовчи Неъматилла Бозорбоев. -Меҳнатларимиз зое кетмаганидан, бугун роҳат-фароғатда яшаётганимиздан, бирга Ҳаж зиёратига бориш насиб этганидан жудаям мамнунмиз.
-Ташкилотчиларга минг раҳмат, -дейди Олмурут маҳалласида истиқомат қилувчи Раънохон Воҳидова. -Ҳар бир жараён намунали ташкил қилинибди. Яратиб берилган шарт-шароитлар, эътибор ва эъзоз учун Юртбошимизга, шу хайрли иш бошида турганларнинг барчасига миннатдорчилик билдирамиз.

