УСТОЗЛАРНИ БАХТЛИ КЎРСАМ, ЎЗИМНИ ҲАМ БАХТЛИ ҲИС ЭТАМАН
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раёсатининг 2020 йил 14 декабрдаги «Халқ таълими тизимидаги муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларни санаторийларда соғломлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги 54-Қ/Қ-сонли ва 01-16 «с» сонли қўшма қарорлари ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасининг 2020 йил 30 декабрдаги 177-Қ/Қ ва 2-14 «с» сонли қарори асосида туманимизда таълим соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таълим фидойиларидан бир гуруҳи бепул дам олиши режалаштирилди. Ҳозирги кунга қадар 6, 25, 26, 37-мактаблар директорлари С.Аҳмадалиева, У.Қамбарова, К.Болтабоев, Б.Ғайбуллаевлар вилоятимиздаги сўлим гўшалардан бўлмиш «Косонсой» санаторийсида 7, 11-мактаблар директорлари ҳамда туман халқ таълими бўлими услубчиси Ғ.Хўжаевлар Чортоқ санаторийсида ўз саломатликларини тиклаб қайтдилар. Яна 2, 5, 10, 13, 14, 27, 29, 33-мактаблар директорлари ва халқ таълими бўлимининг 2 нафар методисти имтиёзли бепул сиҳатгоҳларда дам олиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг июнь-август ойларида Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқарув органларидан ходимлар ва рейтингда қайд этилган биринчи бешта ўринларни эгаллаган умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари рўйхати, яъни туманимиздаги 6, 13, 25, 26, 38-мактабларнинг 10 нафар ўқитувчиси ҳам имтиёзли бепул дам олиши ташкил этилиб, ҳозирги кунда ўз саломатликларини тиклаш учун сўлим сиҳатгоҳларга жойлаштирилди.
Ўқитувчиларга билдирилаётган эъзоз ва эҳтиром уларга янги куч, ғайрат-шижоат бағишламоқда. Бу уларнинг миннатдорчилик сўзларидан сезилмоқда.
-Мен ўқувчилар, яъни болаларим учун кетган умримнинг зое кетмаганлигини шу кунларда чуқур ҳис қиляпман, -дейди «Ўзбекистон халқ таълими аълочиси», «Шуҳрат» медали соҳибаси, 6-мактаб директори Саидахон Аҳмадалиева.
-Ўқитувчилик касбим билан фахрланаман, чунки менинг ҳимоячим, Президентим бор, -дейди 25-мактаб директори Улфатхон Қамбарова.
-Отам катта устоз бўлганлар, яъни вилоят халқ таълимини бошқарганлар. Уларнинг бир сўзлари доимо қулоғимда: «Бир болага битта ҳарфни ёзишни ўргатсанг ҳам бу жуда катта бахт деб билгин. Чунки шу болага ҳаёт йўлини кўрсатмоқдасан, қизим» деганлар», -дейди 29-мактаб директори, «Ўзбекистон халқ таълими аълочиси» Зулхумор Каримова.
Устозларнинг сўзидан ва давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчи деган улуғ инсонларга берилаётган эътибордан шундай хулоса қилиш керак, деб ўйлайман. Ўқитувчи, бу ҳақиқатдан ҳам, улуғ зот, уларни бахтли кўрсам, ўзимни ҳам бахтли ҳис этаман.
Мирзамаҳмуд ТЎХТАБОЕВ, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши раиси.

