ҚАЛБ ЧИРОҒИ, ТАФАККУР ҚАНОТИ
Бугунги кунда вилоят болалар кутубхонасида ўқувчиларни китобхонликка жалб қилиш, айниқса, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, бошланғич синф ўқувчилари ҳамда фойдаланувчилари болалар кутубхонасининг китоб хазинаси, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлиб, илк китобхонликни шакллантириш – китобхонликни кенг ривожлантиришга бўлган қизиқишлари ошириб борил-моқда.
Китоб – инсон қалбини ёғдулантирувчи нур. У инсон ҳаётига ёруғлик олиб келиши билан бирга мустаҳкам иродани шакллантиради. Китоб инсонда гўзал ҳислар уйғотади, олам ва одамда хос жумбоқларни англашга, иймонни тарбиялашга, виждонини уйғотишга хизмат қилади. Ёшлар ҳаётида китобнинг ўрни беқиёс. Масалан, эртак, саргузашт ва бадиий китобларни кўп мутолаа қилган бола билан бундай китобларни ўқимаган бола табиатида кескин фарқ кузатилади.
Китобхон боланинг нутқи равон, фикрлаш доираси кенг, эшитиш ва эшитганларни ўзлаштириш қобилияти юқори бўлади. Бундай болаларда меҳрибонлик, ўзаро дўстлашиш, тенгдошларига ёрдам кўрсатиш, бировни беҳуда ранжитмаслик, камтарлик ва самимият каби хусусиятларни кўриш мумкин.
Китобни яроқсиз ҳолга келтирмаслик учун ундан тўғри фойдалана билиш, китобни шошилмасдан, ўйлаб, диққат-эътибор билан ўқиш малакасига эга бўлиш керак. Шунинг учун ҳам болаларни китобга қизиқтириш учун ўша ўқувчига, устозларимиз ўргатганидек, асарнинг қисқача мазмунини китобхон ўқувчига қизиқарли қилиб айтиб беришимиз ва унинг фикрлаш қобилиятига ҳам эътибор беришимиз лозимдир. Китоб кўнгил ойнасидир, негаки ижодкорнинг қалб сўзлари саҳифалари қаърига жо бўлади. Китоб комилликка интилган ёш авлоднинг доимий ҳамроҳи бўлиб қолиши керак. Шу сабабли ҳам биз болалар китобхонлигига кўпроқ эътибор қарати-шимиз зарурдир.
Наргиза МАМАТОВА,
вилоят болалар кутубхонаси библиография ва ўлкашунослик бўлими биринчи тоифали кутубхоначиси,
Махфират ШОДМОНОВА, етакчи кутубхоначи.

