КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ТАРТИБГА СОЛИНАДИ
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 13 январда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2021 йил 12 мартда маъқулланган ҳамда 2021 йил 21 апрель куни қабул қилинган.
Мазкур Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Конституциявий суд:
-Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
-Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартно-маларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
-Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси Қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
-Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Қонунлари нормаларига шарҳ беради;
-Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;
-конституциявий суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Хусусан, Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари муддати давомида алмаштирилмайди. Конституциявий суд судьясининг вако-латлари ушбу қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмас.
Қуйидагилар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:
-Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;
-Ўзбекистон Республикаси Президенти;
-Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
-Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман);
-Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил;
-Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси;
-Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи;
-Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи;
-Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
-Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори;
-Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;
-Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;
-Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.
Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг мурожаати, шунингдек фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг шикоятлари Конституциявий судда ишларни кўриш учун асос бўлади.
Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбе-кистон Республикаси Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида; Ўзбекистон Респуб-ликасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтамлари қарор деб номланади. Конституциявий суд қарорни Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.
Конституциявий суднинг ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтами хулоса деб номланади. Конституциявий суд ишларини юритиш процессуал масалалари бўйича Конституциявий суд ажрим қабул қилади. Конституциявий суд ўз фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан ҳам қарорлар қабул қилади.
Б.КАСИМОВ,
С.ЖЎРАБОЕВ, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари.

