ҚОМУСИЙ ОЛИМ АҲМАД ДОНИШ

Аҳмад Дониш ёки Аҳмад Калла деб ном қозонган Аҳмад ибн Мир Носир ибн Юсуф ал-Ханафи ас-Сиддиқий ал-Бухорий Бухоро амирлигида XIX асрнинг ўрталарида яшаб ижод этган, илғор фикрлари билан ном қозонган шоир, маърифатпарвардир. У 1827 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Шу ердаги мактаб ва мадрасаларда билим олиб, ўз даврининг илғор олими ва мутафаккири даражасига кўтарилди.

Аҳмад Дониш мадрасада олган билимлар билан кифояланмай, риёзиёт, фалакиёт, адабиёт, мусиқа, меъморчилик, тарих ва фалсафа билан шуғулланди, айниқса, шарқ шоирлари ва мутафаккирларининг асарларини кўп ўқиди ва ўрганди. Ибн Сино, Умар Ҳайём, Навоий, Фузулий, Бедил асарлари билан яқиндан танишиб, уларнинг фикрларидан ўз рисолаларида кенг фойдаланишга интилди. Фалсафий, ижтимоий-сиёсий, бадиий масалалар билан бирга табиий фанларни, айниқса, астрономия илмини ўрганишга катта эътибор берди. Ўзининг таъкидлашича, астрономия илмини Мирзо Абдулфаттоҳхон мунажжимдан ўрганади. Дониш юқори малакали хаттот, меъмор ҳам эди. Шунинг учун XIX асрнинг 50-йилларида Бухоро амири Амир Насруллоҳ (1827-1860) саройида хизмат қилди. 1870 йили сарой хизматидан кетди.

Аҳмад Дониш 1857, 1869 ва 1874 йилларда уч марта Бухоро элчилари таркибида Петербургда бўлиб, Оврўпо маданияти, илм-фан соҳасидаги ютуқлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлиши, мутафаккир дунёқарашида катта бурилиш ясади ва ўз таассуротлари таъсирида Бухорода мавжуд тартибларни ислоҳ қилиш лойиҳасини олға сурди. Бу эса Амир Музаффариддин (1860-1885) норозилигига сабабчи бўлади ва амир Аҳмад Донишни Ҳузарга қози этиб жўнатади. Дониш амир ўлимидан сўнг Бухорога қайтади ва 1897 йили вафот этади.

Аҳмад Дониш фалсафа, тарих, фалакиёт, риёзиёт, адабиёт, хаттотлик масалаларига бағишланган асарлар ёзган.

Ўзбекистон Республикаси ФА Беруний номли Шарқшунослик институтининг қўлёзма фондида Аҳмад Донишнинг 16 та рисоласи ва яна бир қанча шеърлари киритилган тазкиралар, ғаззолий, Жомий асарларидан кўчирган қўлёзма нусхалари сақланади, уларнинг кўпчилиги асл нусха бўлиб, муаллифнинг ўзи томонидан битилгандир.

«Наводир ул-вақое» китоби Аҳмад Донишнинг асосий асари ҳисобланиб, унда олим ўзининг турли масалаларга муносабатини ифодалагандир. Юқорида кўрсатилган ҳар икки асарда Аҳмад Дониш ижтимоий тараққиётга ғов бўлиб қолган феодал ижтимоий-сиёсий тузум, тартиб ва муносабатларни танқид остига олади.

«Мамлакатни идора қилишда, -дейди Дониш, -ҳукмдор муҳим давлат муаммоларини ўз атрофидаги маслаҳатчилар билан биргалиқда ҳал қилиши керак. Маслаҳатчилар ҳам донишманд ва адолатли кишилар бўлиши керак ва уларнинг фикри билан ҳисоблашиши шарт, чунки кўпчиликнинг ақли, бир кишининг ақлидан ортиқроқдир».

Аҳмад Дониш ўз ватанини қолоқлиқдан чиқариш йўлларини тинмай излади. «Киши ўз ватанини ҳимоя қилсагина, ўз халқи билан бирга бўлсагина, -дейди Дониш, -ҳар доим барҳаётдир». У Шарқ мутафаккирлари таълимотини ўрганиш билан бир қаторда         Ғарбда тарқалган ижтимоий-сиёсий таълимотлар билан ҳам қизиқади. Гарчи бу таълимотларни Дониш қабул қилмаган бўлса-да, унинг буларга нисбатан бўлган муносабати мутафаккирни кенг кўламдаги тадқиқотчи ва ижтимоий-сиёсий орзулари кенгроқ эканлигини кўриш имконини беради.

Манзура АБДУЛЛАЕВА, маърифат тарғиботчилари жамияти аъзоси.