АЗИМЖОННИНГ ОЛТИН МЕДАЛИ

Шифокор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Маҳбуба ва Аъзамжон Каримовлар оиласи намунали оилалардан ҳисобланади. Маҳбуба опа 26-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси, Аъзамжон ака туман тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлими неврология постида врач. Улар оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор беришади. Шунданми оилада камол топаётган уч фарзанд илмли, одобли ва зеҳни баланд. Шаҳноза  акушер-гинеколог, айни пайтда магистратурада таҳсил оляпти. Шоҳиста Тошкент давлат юридик университетининг учинчи босқич талабаси, бўлажак ҳуқуқшунос.

Кенжа фарзанд Азимжон Аҳмаджонов Наманган шаҳридаги «Истиқбол замон болалари» 1-сонли хусусий мактабнинг 5-синфида ўқийди. Унда математика фанига бўлган иштиёқ баланд. Буни вақтида сезган устози Дина Дарвишева Азимжон билан қўшимча машғулотлар олиб боришга алоҳида эътибор қаратиб келади. Азимжон интернет тармоғи орқали ўтказилган танловда қатнашиб, Болгариянинг Несебьр шаҳрида бўладиган «Чегарасиз математика» IV халқаро танловининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритган эди. У мазкур танловда ўз билими билан ғолиб бўлди ва олтин медални қўлга киритди. Азимжонни бу муваффақияти билан самимий табриклаб, туманимизда бундай илмсевар ўқувчилар сафи янада кенгайишини тилаймиз.