ЭНГ МУҲИМ САМАРАДОРЛИК КЎРСАТКИЧЛАРИ
Биламизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги Фармонига асосан фуқаролик хизмати ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб бориш, замонавий бошқарув усулларини қўллаш орқали давлат хизматлари натижадорлигини ошириш, ходим-ларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Шу ўринда, бир савол туғилади, мазкур тушунча, яъни энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ўзи нима ва у қандай тартибда амалга оширилади?
Ушбу тушунча халқаро жамиятда KPI – Key Performance Indicator – Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) жумласи орқали ифодаланади.
Бугунги кунга келиб, давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилган ташаббус асосида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилмоқда.
Баҳолаш тизимига кўра, эндиликда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари фаолияти аввалдан белгиланган аниқ кўрсаткичлар ҳамда мақсадли индикаторлар асосида ҳар чоракда баҳолаб борилмоқда. Энг муҳими, кўрсаткичлар ҳар бир ҳоким ўринбосари кесимида белгиланган бўлиб, ҳар бир раҳбарнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва эришган натижаларини аниқ белгилаш имконини беради.
Мазкур баҳолашнинг биринчи чорак якунларига кўра, вилоятимизнинг туман ва шаҳар ҳоким ўринбосарларидан 21 нафари (29,5 фоиз) ўз фаолиятини самарасиз, 22 нафари (30,9 фоиз) ўртача ва 28 нафари (39,6 фоиз) самарали олиб борганлигини кўрсатди.
Юқоридагиларга кўра, ҳар бир ҳоким ўринбосарларининг эришган натижаларини жамлаш асосида ҳоким фаолиятига баҳо берилади ҳамда туман(шаҳар)нинг умумий рейтинг кўрсаткичи аниқланади. Ушбу ҳолат, ўз навбатида, туман (шаҳар) ҳокимликларида жамоавий муҳитни шакллантириб, умумий натижа учун бутун ҳокимлик ташкилий тизим имкониятларини сафарбар этишга туртки бўлади.
Баҳолаш тизимининг амалиёт билан уйғунлашиши натижасида ҳар чоракда барча туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари рейтингини шакллантириш билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келишида рағбатлантирувчи роль ўйнамоқда.
Бундан ташқари, баҳолаш тизимини жорий этиш босқичларидаги яна бир янгиликлардан бири, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятига бевосита аҳолининг ўзи ва маҳалла раислари томонидан баҳо бериш амалиётининг йўлга қўйилганидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан жорий этилган ҳоким ва унинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини комплекс баҳолаш тизими соғлом рақобатнинг пайдо бўлишига, раҳбарларни натижадорликка йўналтириш, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Достон РАҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали кадрлар маъмуриятчилиги етакчи инспектори.

