ИБРАТНИНГ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАҚОЛАЛАРИ

Манбаларда келтирилишича, Ибрат томонидан ёзилган мақолалар «Садойи Туркистон», «Садойи Фарғона», «Туркистон вилоятининг газити» саҳифаларида чоп этилади. Ибратнинг 45 дан ортиқ  мақоласидан 35 таси «Туркистон вилоятининг газити» саҳифаларида босилганлигини таъкидлайди». Бироқ бугунга қадар Ибратнинг мамлакатимиз кутубхоналарида «Туркистон вилоятининг газити», «Садойи Фарғона» рўзномалари ва «Aл-Ислоҳ» журналида 21 та мақоласи сақланиб қолиб, бундан 9 таси Ибратнинг «Танланган асарлари»дан ўрин олган.

Ибрат каби мақоланавис кам бўлиб, унинг бу борадаги фаолияти икки йўналишда боради. Тарихий воқеликларни акс эттирувчи ҳамда жадидчилик ҳаракати билан боғлиқ мақолалар. Ибратнинг тарих ёзишга иштиёқи аср бошларидан бошланган. Унинг тарихий билимларни акс эттирган мақолалари сирасига «Туркистон вилоятининг газети»нинг 1913 йил 23 июндаги 48-сонида ёритилган «История древнего города Aхси в Ферганской области» номи билан чиққан мақоласини киритиш мумкин. Ушбу мақола ва унда келтирилган маълумотлар асосида Наманган давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди Т.Қозоқов томонидан «Ибрат нигоҳида Aхсикент» китоби нашр этилган бўлиб, унда Aхсикент хусусида мутафаккир томонидан ёритилган маълумотлар исботлаб ўтилган. Жумладан, китобда «Ибрат Aхсикент тарихи, тарихшунослиги ва манбашунослигига имкон қадар кенг тўхталиб ўтган. Шунингдек, газета саҳифаларидаги мақолалари орқали Aхсикент ёдгорлигининг ўша даврдаги чизмасини бериши ҳам бугунги кунда ўзининг алоҳида аҳамиятига эга.

Ибратнинг соҳибқирон Aмир Темур иморатларини таъмирлашга бағишланган 1908 йил 2 мартда чоп этилган «Редакцияга хат»  номли мақоласи тарихий жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Унинг шоҳидлик беришича, «Туркистон Aрхеология ҳаваскорлари» жамияти томонидан рўзноманинг 1907 йил 91-сидан бошлаб бир неча сонларда биноларни таъмирлаш ишлари қай тарзда амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида мулоҳазалар сўралади. Ибратнинг кўзатувига кўра, унга ҳеч қандай жавоб бўлмайди ва бундан таъсирланган Ибрат таҳририятга жавоб ёзади. Унинг фикрича, Aмир Темур давридан қолган биноларни таъмирлаш учун биринчидан соҳибқирон Aмир Темур Кўрагоннинг вақф қилган ўн икки ариғининг кимда эканлигини топиш, иккинчидан ҳимматли миллатпарвар-лардан таъмирга маблағ ажратишга ҳукуматдан ижозат олиш, учинчидан вақфларни тўплам, ҳукуматдан таъмирлаш учун ҳукм чиқартириб олиш, тўртинчидан жойларда таъмир учун хайрия сандиқлари ёки ҳукуматдан муҳрланган шикаст рўйхат тутиб, бир йил давомида ҳидоя жамлаш, бешинчидан ҳидоя дафтари тутмоқ лозим. Ибратнинг фикрича, таъмир учун маблағ тўплашнинг энг осон йўли ҳидоя дафтари тутишдир.

1912 йил 7 июлда бўлиб ўтган Қўқон-Наманган темир йўлининг очилиш маросимига бағишлаб ёзган «Намангон-Қўқон темир йўлининг очилиш маросими ҳақида» номли мақоласида Ибрат маросимни «Шукрона байрами» деб, байрамга тайёргарлик, халқнинг янги технологияга муносабатини баён этади.

Ибратнинг 1913 йилда «Туркистон вилоятининг газити»да чоп этилган «Наманганда янги Мадраса» номли мақоласи «Мулла Қирғиз» мадрасаси қурилишига оид бўлиб, бугунги кунга қадар тадқиқ этилмаган. Унда келтирилган фактларга кўра, «Мулла Қирғиз» мадрасаси Наманган шаҳрининг марказий қисми Чорсуда, 1913 йилда Қирғизбой Машраббой ўғлининг хусусий маблағига қурилган. Мадрасани қуриш учун рус чиновниги Н.П.Остроумов икки тўраси билан ташриф буюргани ва Қирғиз мадрасасининг тузилиши, жойлашиши, сарфланган маблағ, вақф мулклари ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолдиради.

Собитхон МИЛИБAЕВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бош мутахассиси, лойиҳа координатори.