БУЮК ЖАДИД МУНАВВАРҚОРИ АБДУРАШИДХОНОВ

«Мунаввар» – нур олган, нурли дегани. Туркияда ҳозир ҳам бу сўзни зиёли ўрнида қўллайдилар. «Қори» деб Қуръонни маромига етказиб ўқийдиганни айтганлар. У Тошкентнинг маърифатли бир хонадонида туғилиб, исмига муносиб бўлиб ўсди. Ҳужжатлардан унинг Шайхонтоҳур даҳа, Дархон маҳалласида туғилиб-ўсгани маълум бўлади. Отаси Абдурашидхон мударрис, онаси Хосиятхон отин бўлган. Мунаввар онаси қўлида савод чиқарган. Дастлаб Тошкентда Юнусхон мадрасасида, сўнг Бухорода ўқиган. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирларида жадидларга қўшилиб, 1901 йилда Тошкентда биринчилардан бўлиб «усули жадид» мактаби очади. Бу мактаблар учун «Адиби аввал», «Адиби соний» каби алифбо ва хрестоматиялар, «Тавжид ал-Қуръон» («Қуръон қироати»), «Ер юзи» («География») сингари қўлланмалар тузиб, нашр этади. Бу дарсликлар 1901-1917 йиллар оралиғида энг ками 2-3, кўпи 9-10 мартагача алоҳида-алоҳида ҳолда нашр этилган.

Ўзбек матбуотининг майдонга келишида Мунавварқорининг хизматлари катта бўлди. У ўзбек матбуотининг дастлабки намунаси 1906 йилда чиққан «Тараққий» газетасининг ташкилотчиларидан ва муаллифларидан эди. Ўша йили Мунавварқорининг ўзи «Хуршид» газетасини чиқарди. Газетанинг фаол муаллифларидан бири Худоёрхоннинг ўғли Фансуруллобек эди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг иштирокиюн (социалистик) партиясини кескин рад этган машҳур «Хайрул умури авсотухо» мақоласи мана шу газетада  босилган эди. Сўнг Мунавварқори «Садойи Туркистон» (1914-15)ни майдонга чиқаришда жонбозлик кўрсатди. 1917 йилнинг мартида эса ўзи муҳаррирлигида «Нажот» газетасини чиқарди. Шу йилнинг июнида Тошкентда Аҳмад Заки Валидий томонидан «Кенгаш» журнали ўртага чиқди. Кўп ўтмай, унинг муҳаррирлигини Мунавварқори олиб бора бошлади.

Мунавварқори гарчи театр асари ёзмаган бўлса-да, Туркистондаги театрчилик ишларининг йўлга қўйилишида Абдулла Авлоний ёнида турди. 1913 йилда тузилган «Турон» жамияти низомида театрчилик ишлари алоҳида таъкидлангани, унинг заминида «Театр» ҳаваскорлари труппаси» ташкил топгани бежиз эмас. 1914 йилнинг 27 февралида Тошкентдаги «Колизей» (ҳозирги Савдо биржаси биноси)да мана шу труппа томонидан «Падаркуш» драмаси биринчи маротаба саҳнага қўйилади. Томоша олдидан Мунавварқори театр ва унинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлайди. Матбуот кунини «Тарихий кун» деб эълон қилади.

20-йилнинг ўрталаридан жадидчиликка муносабат ўзгара бошлагач, Мунавварқорига ҳам ҳужум бошланади. Шунга қарамасдан, у ўз йўлидан қайтмайди. 1917 йилги Тошкент округ маданиятчиларининг қурултойида жадидчиликни ҳимоя қилиб чиқади. Иккинчи маротаба Мунавварқорини 1929 йилда қамоққа олдилар. Унга миллатчилик айби қўйилади ва 1931 йилда халқ душмани сифатида отиб ташланди.

Амирбек ИСАҚЖАНОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази Давлатобод туман бўлинмаси раҳбари. p