ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ – ЯССАВИЯ ТАРИҚАТИ АСОСЧИСИ
Ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг доирасида, Қуръон ва ҳадис аҳкомига мос равишда пайдо бўлган тасаввуфий таълимотлар X-XI асрларга келиб Мовароуннаҳрда ҳам кенг тарқала бошлади.
Марказий Осиёда тасаввуфий таълимотларнинг пайдо бўлиши Юсуф Ҳамадоний (1048-1140) номи билан боғлиқдир. Юсуф Ҳамадоний Марв ва Бухорода хонақо ва мадраса қурдириб, кўплаб туркигўй, форсигўй шогирдлар тайёрлади. Бухородаги шогирдлари орасида Ҳасан Андоқий, Абдулло Барақий, Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувоний алоҳида ажралиб турарди. Кейинроқ бу тўрт истеъдодли шогирд Ҳамадоний мактабини муваффақият билан давом эттирдилар.
«Яссавия», «Нақшбандия» тариқатлари Ҳамадоний таълимоти асосида шаклланди.
XII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий 1041 йилда Сайрамда, Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган. Унинг вафот этган вақти кўпгина қўлёзма манбаларда ҳижрий 562 (1166-67) йил деб ёзилган. Аҳмад ёшлигида онасидан, сўнг отасидан ажралади. Уни бобоси Арслонбоб тарбиялаб вояга етказади. Аҳмад дастлабки таълимотини Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра бобоси Арслонбоб қўрсатмаси билан Бухорога бориб, Юсуф Ҳамадонийдан таълим олади. Аҳмад Яссавийнинг ўзи «Устоз Юсуф Ҳамадонийнинг ҳузурига 23 ёшида борганини ва ул Ҳазратнинг тарбиясига ноил бўлғонлигани» айтади. У ерда тасаввуфдан таълим олиб, сўнг ўз юрти Туркистонга қайтади, ўз таълимотини тарғиб этиб, шогирд, муридлар тайёрлай бошлайди.
Ривоятларга кўра, Яссавий 63 га (Пайғамбар ёшига) етгач, ер остида ҳужра ясатиб, «чилла»га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган. Бир ривоятга кўра, у 125 йил, бошқа ривоятга қараганда, 133 йил умр кўрган.
Яссавий маданиятимиз тарихида илк туркийзабон мутасаввуф шоир сифатида маълумдир. Унинг тасаввуфни тарғиб этувчи туркийда ёзилган шеърлари тилининг халққа яқинлиги, оҳангдорлиги билан тезда машҳур бўлиб кетди.
«Яссавия» тариқатининг барча ақидалари Аҳмад Яссавийнинг асосий асари бўлмиш «Ҳикмат»да муфассал баён этилган. XII асрдаги туркийзабон шеъриятнинг ажойиб намунаси бўлган, кейинги даврлардаги туркий адабиётга катта таъсир кўрсаттан «Ҳикмат» асарида «Яссавия» таълимотидаги поклик, ҳалоллик, тўғрилик, меҳр-шафқат, ўз қўл кучи, пешона тери ва ҳалол меҳнати билан кун кечириш, Аллоҳ таоло висолига етишиш йўлида инсонни ботинан ва зоҳиран ҳар томонлама такомиллаштириш каби илғор умуминсоний қадриятлар ифода этилган.
Яссавий ҳам ўзининг пири бузруквори Шайх Юсуф Ҳамадонийга ўхшаб мол-дунё тўплашга мутлақо қизиқмаганини, камбағалпарвар ва ғарибпарвар бўлиб яшаганлигини унинг баъзи бир ҳикматларидан ҳам билса бўлади. Мол-дунёга, бойликка ва давлат орттиришга муккасидан кетган, хасис ва очкўз кишиларни Яссавий беаёв танқид қилади:
Бешак билинг бу дунё барча халқдан ўтаро,
Ишонмағил молингга, бир кун қўлдан кеторо,
Ото, оно, қариндош қаён кетди, фикр қил,
Тўрт оёқлик чўбин от бир кун санго еторо.
Эътиборхон ЮНУСОВА, Республика Маънавият ва маърифат маркази Уйчи туман бўлинмаси раҳбари.

