ҒАЗАЛШУНОС САЪДИЙ ШЕРОЗИЙ

Форс адабиётининг буюк намояндаси Муслиҳиддин Саъдий Шерозда туғилган. Унинг номи Шарқу Ғарбда кенг танилган ва машҳур бўлган. Боиси у авлодларга хилма-хил жанрларда ёзилган жуда кўп асарларни қолдирган. Саъдий куллиёти, яъни асарлар тўпламига шоирнинг шеърий ва насрий йўл билан ёзилган асарлари жамланган. Унинг «Бўстон» ва «Гулистон» асарлари эски мактабларда қўлланма сифатида ўқитилган, муаллиф номини элларга машҳур қилган. Уларда таълим-тарбияга оид мазмундор ҳикоялар ва шеърий ҳикматлар мавжуд бўлиб, адиб бу асарларда жаҳон кезиб, кўп мамлакатларда  кўрган-кечирганларидан чиқарган хулосаларини баён этган.

Саъдий 1226 йили Бағдодда таҳсил олади. Сўнгра Жанубий Европа, Кичик ва Ўрта Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқади, Хитой ва Ҳиндистонда бўлди. Бу сафари 30 йил давом этди. Турли мамлакатлар ва халқлар ҳаёти билан танишди. Дунё кўрган шоир том маънода файласуф олим, донишманд инсон бўлиб етишди. Унинг асарлари Шарқ адабиётида дидактик йўналишни бошлаб берди. Уларда инсон ҳаёти учун зарур бўлган умумлашмалар, панд-насиҳатларни баён этди. Саъдий асарлари енгил ўқилади, эсда қолади, инсон хулқ-атвори, ахлоқ-одоби такомиллашувига ижобий таъсир қилади. Шоир инсон ва жамият, инсонлараро муносабат, маънавий-ахлоқий фазилатлар ҳақида, ватанпарварликни, одамгарчиликни, меҳнатсеварлик ва илм-маърифатни улуғлайди.

Моҳира ХОЛМИРЗАЕВА, Республика Маънавият ва маърифат маркази Уйчи туман бўлинмаси «Маърифат тарғиботчилари» жамияти аъзоси.