АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЎҒЛИ ЧЎЛПОН
Ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1898 йилда Андижоннинг қатортерак маҳалласида савдогар оиласида дунёга келган.
Таниқли журналист ва ёзувчи Мўминжон Муҳаммаджоновнинг «Турмуш уринишлари» китобида қайд этишича, Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммад Юнус ўғли (1874-1929) ўз даврининг етук зиёлиси, маърифатпарвар кишиси бўлган. У «Расво» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган, девон яратган.
Чўлпоннинг ижоди 1913-1914 йиллардан бошланган, у аввал «Қаландар», «Мирзақаландар», «Андижонлик» ва, ниҳоят, «Чўлпон» тахаллуси билан ижод қилди.
Чўлпон очеркнавис ва публицист сифатида ҳам баракали ижод қилди. Бу борада унинг, айниқса, «Адабиёт надир?», «Муҳтарам ёзувчиларимизға» каби мақолалари адабиётнинг мақсад ва вазифаларини англашда муҳим роль ўйнади. У 1914-1917 йилларда яратган «Қурбони жаҳолат», «Дўхтир Маҳаммадиёр» сингари ҳикоялари, «Ватанимиз Туркистонда темир йўллар» мақоласида маданият ва маърифат тарғиботчиси сифатида майдонга чиқди.
У октябрь тўнтаришидан кейинги йилларда ҳаётда содир бўлаётган хуш ва нохуш ўзгаришларни қаламга олди. «Йўлда бир кеча», «Шарқ поезди келди», «Шарқ уйғонган», «Қутурган мустамлакачилар», «Йўл эсдалиги» сингари ўнлаб очерк ва публицистик мақолаларида чор мустамлакачилари ва маҳаллий ҳоким синф вакиллари етказган жабру жафоларни, фуқаролар уруши даврида рўй берган фожиаларни тасвирлади.
Чўлпон 1925 йилга келиб, «Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни» дея ижтимоий қарашларини ўзгартиришга мажбур бўлганлигини эътироф этади. Аммо шунга қарамай, шоир яратган икки юздан ортиқ шеърий асарлар эл-юрт бахти, келажаги, мустақиллиги, озодлиги учун курашнинг ёрқин солномаси деса бўлади.
Гарчи вақти-вақти билан унинг туйғу ва тафаккурида тебранишлар кечган бўлса-да, аслида, миллий истиқлол учун курашдан заррача қайтмайди. Жумладан, «Тилак йўлида» шеърида:
Кетган йўлим тўғри йўлдир, кетамен,
Қандай тўсиқ моне бўлса, ўтамен,
Мен кетамен, тилак, дея кетамен,
Ҳеч тилаксиз қуруқ жонни нетамен?
Бир жон экан, майли қурбон этамен!.. –
дея эл-юрт, она-Ватан йўлида қурбон бўлишдан ҳам қайтмади.
Чўлпон етук лирик шоиргина эмас, балки «Новвой қиз», «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола» каби ўнлаб ҳикоялар, «Кеча ва кундуз» (1936) каби ажойиб роман ҳам яратган истеъдодли адибдир.
1991 йил 25 сентябрда Чўлпонга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди. 1997 йили адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан унинг кўплаб асарлари янгидан нашр этилди ва у ҳақда илмий тадқиқотлар яратилди.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон миллий озодлик учун кураш йўлида кўрсатган матонати ва буюк хизматлари, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун 1999 йилда «Мустақиллик» ордени билан мукофотланди.
Ойдина ХАЛИЛОВА, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган туман бўлинмаси раҳбари.

