ПАСПОРТ ТИЗИМИДАГИ ЖАРИМАЛАР ҚОИДАБУЗАРЛИККА ҚАРАБ БЕЛГИЛАНАДИ
-Паспортимнинг амал қилиш муддати ўтиб кетган. Яқинда бир танишим жарима миқдори камайгани ҳақида айтиб қолди. Шу тўғрими?
Д.АБДУРАШИДОВА.
Пастгузар МФЙ.
Саволга туман ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи Элёр ТУРДИЕВ жавоб беради:
Жавоб: -Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасида паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарима белгиланган ва бу илгари энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида 499325 сўм эди. Жариманинг анча юқорилиги фуқароларнинг, айниқса, кам таъминланган оилалар аъзоларининг паспорт олмаслигига ёки уларни амал қилиш муддати ўтганидан кейин алмаштирмасликни афзал кўришларига олиб келган. Депутатлар, жамоатчилик вакиллари ушбу масалани ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар давомида батафсил таҳлил қилдилар.
Фуқаролар манфаатларини ўйлаб, 2017 йил 13 июнда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддаси биринчи қисмининг санкциясидаги «уч баравари миқдорида» деган сўзлар «иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда» деган сўзлар билан алмаштирилди. Яъни бундан буён паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек, паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бу жарима миқдори 74887 сўмдан бошланади, дегани.

