АРЗОН УЙ-ЖОЙЛАРДАН ОЛМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ…

Савол: -Арзон уй-жойлардан олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

С.ҲУСАНОВ.

Соку МФЙ.

Саволга туман ҳокимининг ўринбосари Санжарбек ҲАМИДОВ жавоб беради.

Жавоб: -Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги қарори билан тасдиқланган якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги Низомга асосан, якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун 0,04 гектаргача ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда «Ким ошди» савдосида сотилади.

Шу ўринда қишлоқ жойларида 2009 йилдан буён намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларга қўшимча равишда 2017 йилдан бошлаб арзон уйлар ҳам қуриладиган бўлди. Қишлоқ жойларида аҳоли кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга биноан қишлоқ жойларда хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки қаватли ва уч қаватли 2, 3 хонали, 0,02 гектар бир қаватли бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган арзон уйлар қуриладиган бўлди. Икки, уч қаватли кўп хонадонли ва 2, 3 хонали бир қаватли уйларнинг дастлабки бадали 15 фоиз қилиб белгиланди.

Президентимизнинг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 ноябрда «Ариза берувчи – уй қурувчининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиялари асосида 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Низом уй қурувчиларнинг қишлоқ жойларда арзон уй-жойларга бўлган ижтимоий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уй қурувчиларни танлаб олиш ва уларнинг иштирок этиш тартибини белгилайди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оила деганда, бошқа оилалар билан бир уйда биргаликда яшовчи, кўп болали ёхуд таркибида биринчи гуруҳ ногирони бор ёки кам таъминланган оилаларни тушуниш керак. Фуқаро ариза билан ўзининг уй-жойга эҳтиёжмандлигининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиб, ўзи яшайдиган ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раисига мурожаат қилади. Ариза махсус журналда рўйхатдан ўтказилиб, такрорланмайдиган рақам ҳамда ҳужжатлар қабул қилингани ҳақида ариза берувчига тилхат берилади. Ариза икки кун муддат ичида кўриб чиқилиши керак.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ариза берувчининг уй-жой шароити ва унинг белгиланган мезонларга тўғри келишини ўрганиб, текшириш далолатномаси тузади. Унинг бир нусхаси аризачига берилади. Шунингдек, белгиланган шакл бўйича ёзма тавсия берилади ёхуд асослантирилган тарзда ёзма тавсия берилиши рад этилишидан фуқаро ёзма равишда хабардор қилинади.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг масъул ходимлари мазкур низом талабларидан яхши хабардор бўлишлари, маҳалла ҳудудларида яшаётган фуқаролар томонидан олинадиган тавсифномаларни белгиланган тартиб асосида беришлари шарт. Туман ҳокими арзон уй-жойлар қуриш учун белгиланган ер участкасини инжиниринг компаниясига бериш тўғрисида қарор қилади. Инжиниринг компанияси бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ва маҳаллалар орқали аҳолини хабардор қилади ҳамда шартномаларни тузади. Шундан сўнг талабгор фуқаро ариза билан доимий яшаш жойи бўйича иштирок этувчи тижорат банкининг филиалига мурожаат қилади.