ТАШРИФ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов туманимизда бўлди.

Спикер илк навбатда мамлакатимизга дарвозачилик билан танилган Қумтепа маҳалласидаги ҳунарманд тадбиркорларга шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида янги асос солинган темир буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонасини бориб кўрди.

Бугунги кунда ушбу ҳудудда аҳоли, асосан, темирни қайта ишлаш, шакл бериш ва дарвозалар ясаш билан банд: 210 тадан ортиқ субъектда 500 дан ортиқ уста темирчи ишламоқда. Қумтепа кичик саноат зонасида 3,1 гектар майдонда 20,2 млрд. сўмлик 52 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 650 та янги иш ўрни  яратилади.

Шу куни тумандаги 7-мактабни капитал реконструкция қилиш бўйича давлат дастурига киритиш масаласи ҳам кўрилди. Спикер жорий йилда давлат инвестиция дастури асосида капитал таъмирланган 9-мактабда яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишди.

Умархон ОТАБОЕВ,

туман Кенгаши депутати.