ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Жорий йилнинг 13 июнь санасида Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим Қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонуни кучга кирди. 43 моддадан иборат ушбу ҳуқуқий ҳужжатда айрим қонунлари-мизда бугунги жамиятимизда рўй бераётган эврилишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўз аксини топган.

Мазкур Қонуннинг 5-моддасида 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

1) 10-модда биринчи қисмининг еттинчи хатбошисидаги «ҳарбий округлар» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

2) 43-модданинг иккинчи қисми «Алоҳида ҳолларда прокуратура органларидаги хизматга иқтисодиёт, молия, социология, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ва бошқа соҳаларда олий маълумотга, зарур билим ва тажрибага эга бўлган мутахассислар қабул қилиниши мумкин» таҳририда баён қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Кооперация тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги «Давлат мадҳияси тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республика-сининг Жиноят кодексига, Ўзбекистон Респуликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига эътибор қаратилиб, улар зиммасидаги вазифалар долзарблигининг қайд этилиши эътиборга молик.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг тадбиқ этилиши бир қатор ҳуқуқий идоралар қатори бўлимимизнинг кейинги фаолияти учун дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур Қонун талабларидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан тегишли тадбирлар режасини белгилаб олдик.

Зумрат ҚОРАБОЕВА,

туман ФҲДЁ бўлими мудири.