ГРИППДАН САҚЛАНИНГ
Грипп кескин бошланади: бир неча соат ичида беморда иситма, йўтал (одатда қуруқ), бош оғриғи, мушаклар ва бўғимларда оғриқ, заифлик, томоқ яллиғланиши ва бурун оқиши пайдо бўлади. Ушбу аломатларнинг баъзилари мавжуд бўлмаслиги мумкин, аммо юқори иситма ва кескин бошланиш касаллик-нинг белгиларидир.
Хавф гуруҳлари:
-икки ёшгача бўлган болалар;
-65 ёшдан катта қариялар;
-ҳомиладор аёллар;
-ҳар қандай ёшдаги сурункали юрак, ўпка, буйрак, жигар, қон касалликлари, шунингдек, қандли диабетдан азият чекувчилар;
-иммунитети пасайган беморлар (масалан, ОИВ билан касалланганлар).
Вирус ҳаво томчилари орқали қийинчиликсиз юқади ва айнан шу сабабли мактаб, болалар боғчаси, офис ва бошқа одам гавжум жойларга тез фурсатларда тарқалади. Кўпинча бу касаллик бемор йўталиши ёки аксириши орқали юқади, аммо қўл билан саломлашишда ҳам вирус ўтиши мумкин (масалан, агар бемор йўталаётганда оғзини қўли билан ёпса, сўнг айнан шу қўлида соғлом киши билан саломлашса ва у бу қўл билан бурнини ушласа).
Олдини олиш усуллари:
Касал одамлар билан алоқа қилишдан сақланинг. Агар ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, ишга борманг. Бетоблик тугаб, касалликнинг ҳар қандай аломати йўқолгандан кейин камида бир кун уйда қолинг. Агар касал бўлсангиз, иложи борича бошқа одамлар билан алоқа қилишдан сақланинг. Аксириш ва йўталаётганда оғзингиз ва бурнингизни, албатта, рўмолча (бир марта ишлатиладиган қоғоз) билан ёпинг. Қўлларингизни тез-тез совун билан ювинг. Агар бунинг имкони бўлмаса, антисептик геллардан (санитария воситаларидан) фойдаланинг. Кўз, бурун ва оғзингизга тегманг, айниқса, жамоат жойларига борганда.
Аммо профилактиканинг энг самарали усули вакцинациядир. Гриппга қарши эмлаш самарали ва хавфсиздир; 60 йилдан ортиқ вақт давомида кўплаб мамлакатларда қўлланишда. Катта ёшдаги аҳолини эмлаш касаллик, ишдан маҳрум бўлиш ва яқинларга юқтиришдан сақланиш учун тавсия этилиши мумкин. Аммо эмланиши жуда зарур бўлган аҳоли гуруҳлари мавжудки, уларда асоратлар ривожланиши таҳликаси ёки юқтириш хавфи жуда юқори.
ЖССТ гриппга қарши ҳар йили эмланишни қуйидагиларга қатъий равишда тавсия қилади:
-ҳомиладорликнинг ҳар қандай босқичидаги ҳомиладор аёллар;
-6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар;
-кекса одамлар (65 ёш ва ундан катта);
-сурункали касалликларга чалинган беморлар;
-соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари.
Грипп вирусининг 3 тури мавжуд: А, Б ва C. А типидаги вируслар сиртқи оқсил бирикмаларига қараб қуйи турларга бўлинади. Грипп вирусларининг хилма-хиллиги орасида А (Ҳ1Н1) ва А (Ҳ3Н2) кичик типлари энг кўп тарқалган вируслардир. Вируснинг доминант турларини, кичик турларини билиш грипп эпидемияси бошланишидан олдин вакцинани танлаш учун муҳимдир. Эмлаш мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам мавжуд, аммо улар кўп эмас: 6 ойликдан кичик чақалоқлар.
Шуни ёдда тутиш керакки, грипп вирусини даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш билан шуғулланиш яхшироқдир.
Ҳеч қандай «иммуностимулятор» ва «иммуномодулятор»нинг гриппни даволаш билан алоқаси йўқ. Уларнинг на самарадорлиги, на хавфсизлиги тегишли тадқиқотларда исботланган. Антибиотиклардан эса асоратланмаган гриппни даволашда фойдаланмаслик керак, чунки антибиотиклар вирус билан эмас, балки бактериялар билан курашади.
Эъзоза РАҲМОНБЕРДИЕВА,
туман СЭО ва ЖСБ эпидемиолог врачи.

