КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТНИ ТАНАЗЗУЛГА БОШЛОВЧИ ИЛЛАТ
Коррупцияга қарши курашиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим шартлари сирасига киради. Чунки бу жирканч иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг иқтисодий таназзулига йўл очади. Жамият иқтисодиётини яширин равишда емиради. Унинг энг аянчли оқибати эса халқнинг давлат органларига нисбатан ишончини сусайтириб, қонунлар устиворлигини заифлаштириб қўяди.
Бу жиноятга қарши курашда жамоатчилик иштироки жуда зарур. Чунки жамоатчилик назорати кўп ҳолларда ижобий натижа бериб, бу жиноятни камайтиришга эришишда муҳим омил бўлади.
Биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларгина бу жиноятга қарши курашишда самарали натижага эриша олмайди. Бу борада халқ ва жамоатчилик вакиллари билан ҳуқуқий ҳамкорликни янада кучайтириш лозим. Коррупцияга қарши курашишнинг институционал тузилмаси сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилиб, ҳозирги кунда мазкур идора UNODC (БМТнинг Наркотик ва жиноятчилик бўйича идораси), UNDP (БМТ тараққий дастури) ва OSCE (Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг қабул қилиниши бу борада давлат сиёсатини амалга ошириш стратегиясининг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Ўзбекистоннинг замонавий тарихида коррупцияга қарши курашиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди: БМТ Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига қўшилиш, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори кучга кирди.
Коррупцияга қарши курашишнинг институционал тузилмаси сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Аммо 2018 йил давомида фақат 138 нафар амалдорнинг пора олиш ва бериш ҳолати билан қўлга тушгани, ишлар самарали ташкил этилганлигини англатмайди.
Негаки коррупцияга алоқадорликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг аксариятини – хўжалик юритувчи субъект раҳбарлари (580 киши), таълим соҳаси вакиллари (247 киши), соғлиқни сақлаш тизими вакиллари (83 киши) ва қолган қисмини бошқа соҳа вакиллари ташкил қилади. Яъни, коррупцион ҳолатларни фош этиш ижтимоий соҳа вакиллари орасида тез-тез учраб турибди, аммо жамиятнинг бошқа касб эгалари ҳақида маълумот мавжуд эмас. Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 39 нафари республика, қолганлари вилоят туман, шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келган.
Коррупцияга қарши курашишда доимо огоҳ бўлиб, ҳар бир давлат хизматчиси ёки ҳар бир фуқаро ўз ишига виждонан ёндашса, коррупциянинг аянчли оқибатларини тушунса, бу жиноятнинг камайишига эришамиз.
Санобар ТЎРАБОЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди судьяси.

