ҲАР КУН ЎТАР ЧОЙ БИЛАН

Мезбон меҳмонга мулозамат қилади.

-Бир кеп қопсиз, қуруқ манзират эмас, чой қилиб берай.

-Узр, вақт зиқроқ, чой қочмас бошқа сафар.

-Йў-ўқ, унақаси кетмайди,-қистовга олади уй эгаси.

Бечора меҳмон остона хатлаб ҳам ўзбекона мулозаматдан қутулмайди.

-У ёққамас, бу ёққа, тўрга, тепароққа, ҳа-а ана. Мен ҳозир.

-Қўйинг дастурхон шартмас, овора бўлманг, тураман…

-Намунча, қўй сўймаяпману, бир пиёла чой, холос.

Кўнгил олиш мана бундоқ бўлибди. Илтифотни жойига қўямиз. Сертакаллуфмиз. Буларнинг барида ҳаётбахш чой «бош қаҳрамон». Бу ёғидан келсангиз, тонгни у билан қаршилаймиз.

-Ўғлим, турақол, чойингни ичиб ол.

-Дадаси, туринг, чой тайёр.

Ўтмишдаги бобокалону момокалонла-римиз ҳам чойхўрликни жойига қўйган бўлишлари, шубҳасиз. Бунга айрим хона-донларда табаррук қилиб сақланаётган бобомерос қора қумғонлар гувоҳ.

Фильмларда кўрганмизки, жанубий ўлкалардаги бепоён кенгликларда чой экилган пайкаллар ястаниб ётибди. Қадоқланган-қадоқланмаган чой тўла кемалар, поездлар, самолётлар, автомобиль карвонлари дунё дастурхонини ишғол қилган.

Раста тўла кўк чой, қора чой, Ҳинд чойи, Цейлон чойи, Хитой чойи, «тўқсон беш», «бир юз ўн», зира чой – ҳамёнга ва таъбга қараб олаверасиз. Чойхўр халқ эмасмизми, рўзғор буюмлари орасида чойнак-пиёланинг ҳам бозори чаққон.

Хориждан келтирилган бежирим пиёлада бир қайтарасиз – лой бўлади, иккинчисида – чой бўлади, учинчи марта қайтарганингизда чой эмас, ғарчча мойга айланади, қўяди.

Одатда, мезбон меҳмонга, кичик каттага, аёл эркакка чой узатади. Албатта, ўнг қўл билан. Пиёлани тўлатиб қуйиш одобдан эмас. Чойхўрлик маданиятини – сабр қилиб, ҳадеб пуфлайвермай, хўриллатмасдан, тўхтаб-тўхтаб ичишни, қуйқасини ҳар ёнга сочмасликни ота-онамиз ўргатишган.

Тўй у ёқда турсин, каттароқ йиғин қиладиган бўлсак ҳам қайноқ чойнинг ҳаракатига тушамиз. Меҳмонларга ошдан олдин иссиқ чой бериш одат.

Огаҳий чойнинг таърифу тавсифига бағишлаб битган ғазалида унинг шифобахшлигига алоҳида урғу беради:

«… Хаста жонларға даво, бемор танларға шифо,

Бўлмаса, мунча недин машҳури даврон ўлди чой.

Эй ҳаким, эмди давойи айламакдин фориғ ўл,

Ким, бори беморлар дардиға дармон ўлди чой.

Гар будир хосияти онинг жаҳон бозорида,

Юз дирам ҳам бўлса бир мисқоли, арзон ўлди чой».

Хуллас, жазирама ёз кунларида сувсаганки одам энг чанқоқбости ичимлик бўлган чой ичаверсин, бу ҳаётда хузур-ҳаловат топаверсин. Тилагимиз, дастур-хонимиздан яхна ва қайноқ чой узилмасин.

Расулбек УММАТОВ.