АСЛ НОГИРОНЛАР КИМЛАР?

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни. Биз ногиронлар деганда ҳаракати чекланган кишиларни тушунамиз. Ўзбекистонда 800 мингга яқин ногирон бор экан. Ҳа, биз уларни ўзимизча ногирон атаймиз.

Аслида кимлар ногирон?

Менинг фикримча, бугун ўз инисидан, укасидан, бир қориндан талашиб тушган жигарларидан қандайдир ўзи билган сабаблар, моддий манфаатлари йўлида тонган инсонларми?

Онасини ҳар куни йиғлатадиган, отасининг насиҳатларини тингламайдиган, уларнинг илтижо ва дуоларини эшитмайдиган ўзбошимча, сўқир ва карлар эмасми?

Аёлини хўрлайдиган ёки эркак бўла туриб, Аллоҳ олдидаги қасамининг устидан чиқа олмай, ўз никоҳида аёли ва норасида фарзандларидан кечиб кетадиганлармикин?

Қачондир қиёматли дўст тутинган, дўстининг бошига оғир иш тушса ёки нимадир бўлиб кўзини ёғ босган,  дўстидан кечганлармикин аслида…

Қайсидир она, қайсидир ота ўз жигаргўшасидан кечиб етимхонага ташлаб кетяпти ёки қайсидир фарзанд ота-онасини қариялар уйига ташлаган. Улар эмасми асл ногирон?

Шу юртда яшаб, фуқаролик мажбуриятларини, ватани олдидаги бурчини англамайдиган, ватани учун ёниб яшамайдиганларми?

Қачондир омад ва мансаб берилса уни суиистеъмол қиладиган, ўзидан пастларни менсимайдиган, ўша мансабни ўз моддий манфаатлари йўлида ишлатадиганлар эмасми?

Аслида биз эмасми асл ногирон… Ҳа, тўрт мучамиз соғ бўлиб турибди. Лекин шу Аллоҳ берган неъматига шукр қилмай, гуноҳлигини билиб туриб, гуноҳ ишларга қўл урамиз.

Кўчада ёки қаердадир ногиронлар аравачасидагиларни, соқов, кўзи ожиз, ақли ноқисларни, ногирон экан, деймиз. Кимдир ачинади, кимдир улардан қўрқади, кимдир назарга илмай, ўтиб кетади. Бу ҳам етмагандек, кимдир устидан масҳаралайди. Ҳой инсон! Аллоҳ сени соғ яратибдими, ўша сени яратган зот улардек ногирон яратишга ҳам қодир эди…

Ҳа, ўша биз ногирон атаганлар бугун биз қила олмаган буюк ишларга қўл уришмоқда. Бу аччиқ ҳақиқат. Бизлардан, ўзимизча «соғлом»лардан кўра яхши натижаларга эришишмоқда. Бунга «Ойнаи жаҳон» орқали ёки ҳаётда ўз кўзимиз билан шоҳид бўляпмиз, лол қоляпмиз.

Бизнинг вужудимиз соғ, Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳга шукр келтириш ўрнига нимадандир айб топиб, ҳар куни нолиймиз. Ўзгаларга истаганча ёмонлик қиламиз, қалбига  озор берамиз. Биз ўзимизни, ўз  манфаатларимизни севамиз…

Меҳрибон, маъсум, бировга озор бермайдиган, Аллоҳнинг ердаги фаришталаридан бир нарса сўрайман: «Биз «ногирон»ларни кечиринглар».

Зебохон МАМАСОЛИЕВА,

32-мактабнинг 11-синф ўқувчиси.