СИФАТЛИ ТАЪЛИМ САРИ

Кеча 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида туман халқ таълими ходимларининг анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди. Унда тумандаги умумтаълим мактабларининг директорлари, мактабгача таълим муассасалари мудиралари, илғор халқ таълими ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Сўнг туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев таълим ходимларини қўшалоқ байрам билан қутлаб, олдинда турган муҳим вазифаларни белгилаб берди. Соҳа фидойиларидан бир гуруҳига туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғаларини топширди.

Туман халқ таълими МФМТТЭ бўлими мудири Ҳусниддин Маҳмудов ўтган ўқув йилида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва янги ўқув йилидаги бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан маъруза қилди. Маърузада таъкидланганидек, туман халқ таълими вилоятда олдинги ўринларга чиқди. 36-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Раънохон Иминова Украинада бўлиб ўтган 16-халқаро конференцияда ўзининг илмий методик мақоласи билан иштирок этган бўлса, унинг «Ақл соати» деб номланган ҳаракатли кўргазмаси Республикада оммалаштирилди. 6-мактаб ўзбек тили ўқитувчиси Муяссар Сайдазимова «Йил ўқитувчиси» танловининг вилоят босқичида биринчи, 35-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Адиба Абдулазизова тўртинчи ўринларни, 30-МТМ тарбиячиси Муҳайё Умарова «Йил тарбиячиси» кўрик-танловида 1-ўринни эгалладилар. «Ҳуқуқ билимдонлари» танловида 41-мактаб, «Президент асарларини ўрганамиз», «Китобхон мактаб» танловларида 5-мактаб, «Ораста қизлар» танловида 18-мактаб, «Жаҳолатга қарши маърифат» танловида 11-мактаб, «Конституция – бахтимиз пойдевори» танловида 33-мактаб жамоалари туманда 1-ўринни қўлга киритдилар. 18-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Шоҳсанам Раҳимова «Ораста қизлар» кўрик-танловининг Республика босқичида 4-ўринни банд этди. Шунингдек, ўндан ортиқ вилоят миқёсида семинарлар ташкил қилинди.

Маъруза юзасидан музокараларда 35-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Адиба Абдулазизова, 30-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Муҳайё Умаровалар қатнашдилар.

Илк педагогик фаолиятини бошлаётган ёш ўқитувчилардан бир гуруқи қасамёд қабул қилди.

Тадбир давомида илғор соҳа ходимларига вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими МФМТТЭ бўлимининг фахрий ёрлиғи, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 36-мактабнинг истеъдодли ўқувчилари томонидан бадиий дастур намойиш этилди.

Анжуманда вилоят халқ таълими бошқармаси вакили Абдуқаҳҳор Отахонов қатнашди ва сўзга чиқди.