УЙЧИ ТУМАНИГА ЯНГИ ҲОКИМ ТАЙИНЛАНДИ
23 декабрь куни халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг навбатдан ташқари қирқ тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков иштирок этди ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб кичик саноат зоналарида янги иш ўринлари яратиш, маҳаллада иш бошлаётган ҳоким ёрдамчилари фаолияти Уйчи тажрибаси сифатида намуна бўлиши, бу борада фаоллар ҳамжиҳатликда иш юритишларини алоҳида таъкидлади.
Сессияда туманнинг янги ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.
Туманнинг собиқ раҳбари Муҳаммадзокир Жўрабоевич Маматхонов саломатлиги туфайли ўз аризасига кўра туман ҳокими лавозимидан озод этилди.
Наманган вилояти ҳокимининг қарори ҳамда туман Кенгаши депутатлари тасдиғи билан Шуҳрат Мирсодиқович Мусаев Уйчи тумани ҳокими этиб тайинланди.
Ш.М.Мусаев 1973 йилда Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 1996 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1996 йилда вилоят «Истиқболстат» бош бошқармаси мутахассислигидан бошлаган. 2000-2017 йилларда вилоят «Иқтисодстат» бош бошқармаси бўлим бошлиғи, вилоят Иқтисодиёт бош бошқармасининг умумиқтисодиёт комплексини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, вилоят ҳокимлиги референти, бош мутахассиси, котибият мудири, ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари, 2017-2021 йилларда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси вазифаларида фаолият юритган. У 2021 йилдан шу кунга қадар вилоят ҳокимининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.
Сессияда Шуҳрат Мусаев туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»ни туман Кенгашида тақдимот қилдилар.
Халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи 7-Бояғон сайлов округида бўшаб қолган ўринга депутат сайловини ўтказиш 2022 йил 23 январь, якшанба кунига белгиланди.
Сессияда кўрилган масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

