ЁШЛАРГА КЎМАК

ЎзХДП туман кенгаши томонидан «Ёшларга кўмак» концепцияси асосида туманимизда хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, улар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида Уйчи жисмоний тарбия ва спорт техникумида тадбирлар ташкил этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, туман Нуронийлар кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир аввалида  партия фаоли, вилоят Кенгаши депутати Нафиса Мамасолиеванинг кўмагида Хизиробод маҳалласида яшовчи ёш оила Элмурод Маматқулов ва Манзура Маматқуловага берилган имтиёзли кредит ҳамда субсидия асосида ташкил этилган иссиқхона билан танишилди. М.Маматқулова маҳаллада «Аёллар дафтари»га киритилган бўлиб, ушбу иссиқхонадан бир йилда 3 марта ҳосил олиши натижасида дафтардан чиқарилган.

Тадбир давомида техникумнинг битирувчи гуруҳида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашуви ташкил этилди. Техникум қошида ташкил этилган «Намтекстиль» МЧЖ фаолияти билан танишилди. МЧЖ раҳбари Ф.Мелибоевани партия сафига қабул қилиш билан бирга, амалга оширган ишлари эътироф этилди ва партиянинг «Ташаккурномаси» берилди. Техникумнинг собиқ битирувчиларидан ишга қабул қилинган 4 нафар ёш қизга меҳнат дафтарчалари топширилди.

Маҳаллада яшовчи ёшлар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун улар ўртасида шахмат-шашка, стол тенниси мусобақалари ташкил этилди. Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшларга партиянинг «Ташаккурномаси» ҳамда китоблар совға қилинди.

Ғанишер ЖЎРАЕВ,

ЎзХДП туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати.