Шукрона

Билиб-билмай ёлғон алдовларга ишониб, оқимларга хайрихоҳ бўлиб қолган юртдошларимиз бугун диний экстремизм ва терроризмнинг асл моҳиятини тушуниб, қилмишларидан пушаймон эканликларини айтиб, чин дилдан тавба қилмоқдалар. Тўғри йўлга қайтишни ният қилган одамлар Президентимизнинг амалий ёрдами билан диний экстремистик оқимларга хайрхоҳлар рўйхатидан чиқарилди. Улар бундай юксак эътибордан, бағрикенгликдан бағоят хурсанд, миннатдорчиликлари чексиз. Шукроналик билан дил сўзларини изҳор этишмоқда.

ИЗТИРОБЛАР СЕВИНЧГА АЙЛАНДИ

Абдулбосит ТОШБОЕВ  –  Чўртук маҳалла фуқаролар йиғинида  яшовчи фуқаро:

-Мен 2003 йилда диний экстремистик оқимларга хайрхоҳлар рўйхатига тушиб қолганман. Шу нарса ўн тўрт йилдан бери юрагимни хижил қиларди. Биров мени қўлини бигиз қилиб кўрсатмаса-да, ичимдан ўтган изтиробларни ўзим биламан.

Бир неча бор «қора рўйхат»дан чиқаришларини сўраб, тегишли идораларга мурожаат қилмоқчи бўлганман. Лекин мени мурожаатимни инобатга олишадими-йўқми, деган савол ўйлантираверган ва бунга журъатим етмаган. Кун келдики, қалбимдаги армонлар ариди, менга ҳам кўплаб юртдошларимиз қатори имконият яратиб берилди. ДЭОХ рўйхатидан чиқарилдим. Мустақиллик арафасида берилган бундай имконият бутун оиламизни қувонтирди. Бунинг учун Президентимизга, давлатимизга раҳмат. Кечиримлилик, инсонпарварлик қарор топган мамлакат яна қаерда бор?

Бу йил пенсия ёшига тўляпман. Меҳнат фаолиятим давомида озми-кўпми турли вазифаларда фаолият олиб бордим. Ҳадемай пахта йиғим-терими бошланади. Менга маҳалла фуқаролар йиғини, туман ҳокимлиги ишонч билдириб, 108-отрядни бошқариш вазифасини топширишди. Ташкилотчилигим, ҳалол меҳнатим билан ишончни оқлайман. Нафақат пахта йиғим-терими мавсумида, балки маҳалладаги барча жамоат ишларида ҳам фаол қатнашаман. Аслида жонажон Ватанимиз учун ҳар қанча хизмат қилсак оз.

Чексиз  миннатдорман

Маҳбуба Мансурова  –  Пастгузар маҳалла фуқаролар йиғинида  яшовчи фуқаро:

-Ўша мудҳиш кунларимни эсласам ҳамон юрагим орқага тортади. 1999 йилда турли ноқонуний ўқишхонликка қатнашганим учун ДЭОХлар рўйхатига олинган эдим. Ҳақиқатдан, мен ҳам сохта отинойиларнинг гапига кириб, адашдим. Айбимни кечириб, ҳаётда ўз йўлимни топишимга имконият яратиб берилгани учун Президентимизга, давлатимизга раҳмат айтаман.

Энди мен ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айландим. Фарзандларим олдида юзим ёруғ бўлди. Бунинг учун ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Бор куч-ғайратимни юртимиз равнақи, ободлиги учун сарфлашга ваъда бераман.