ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАХТ
2-мактабда мавжуд фойе, ўқув ва маъмурий хоналар, мактабнинг ташқи фасади, заллар 2017-2018 ўқув йилига мўлжалланган умумий ўрта таълим муассасалари ҳовлиси, бино йўлаклари ва синф хоналарини жиҳозлаш, ободонлаштиришнинг намунавий талабларини амалиётга жорий қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган тавсияга мувофиқ жиҳозланиши бўйича туман семинари бўлиб ўтди.
Бунда ўқувчи-ёшларнинг психофизиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларни ватанпарварлик ва маърифатпарварлик, қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бадиий-эстетик дидини ривожлантириш, уларнинг зарарли таъсирлар ҳамда оқимларга қарши маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, китобхонлик, мутоланинг инсон камолотидаги ўрнини тарғиб этиш орқали жаҳон илм-фани ривожига ҳисса қўшган олимларнинг маънавий меросини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Билим масканида мавжуд 29 та ўқув хонаси, 4 та маъмурий, шунча қўшимча хона, қозонхона, иссиқлик узатиш қувурлари, мактаб биносининг ташқи фасади тўла таъмирдан чиқарилди. Мактабнинг атрофи бегона ўт ва чиқиндилардан тозаланиб, ободонлаштириш ишлари юқори даражада олиб борилди. Куз-қиш мавсумига иссиқлик узатиш тизими, 6 та кичик қозонхона, моторлар ва насослар ишчи ҳолатига келтирилди. Мактаб янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёр.
Суратда: мактаб директори Насибахон Собирова (ўнгда) ўқитувчилар билан галдаги вазифаларни белгилаб олмоқда.

