МОДДИЙ ЁРДАМ ПУЛИ МИҚДОРИ ОШИРИЛДИ

Қонунчиликка асосан, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш билан боғлиқ бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Бу аввалги тартиб билан солиштирилса, 3 нафар фарзанди бор оила кичик фарзанди учун 484 минг сўм олаётган бўлса, эндиликда 575 минг сўм миқдорда нафақа оладиган бўлди. Ёки тўртта фарзанди бор оила 384 минг сўм миқдорда 14 ёшгача нафақа олиб келган бўлса, ушбу оила ҳам эндиликда 600 минг сўм олиш имкониятига эга бўлди.

2021 йилнинг 1 сентябридан – оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад миқдори 393,8 минг сўмдан 440 минг сўмга оширилди.

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам таъминлашини сўраб яшаш ҳудудидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза билан мурожаат этиш керак. Аризага зарур ҳужжатларни илова қилиш лозим. Агарда фуқаро доимий рўйхатда турган жойида яшамаса, вақтинча яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилса ҳам бўлади.

Ариза қачон рад этилади?

-оиланинг ҳар бир аъзосига  белгиланган меъёр (440 минг сўм)дан юқори даромади мавжуд бўлганда;

-2 ва ундан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотураржой биноси мавжуд бўлганда;

-оила аъзоларининг ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланаётган ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси бўлганда;

-2 ёки ундан ортиқ техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда;

-ариза берувчи ва оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисоб рақамларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқроқ миқдорда маблағлар мавжуд бўлганда;

-оилада меҳнат органлари  томонидан  тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган  аъзолари  мавжуд бўлганда;

-оилада охирги 12 ой давомида иш қидираётган  аъзоси  меҳнат органларининг ишга доир таклифини икки ёки ундан ортиқ маротаба рад этганда;

-даромаднинг расмий манбаларига эга бўлмаган  ва охирги 8 ой мобайнида иш излаб меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд этган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда.

Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор «Ягона реестр» томонидан автоматик  равишда қабул қилинади.

Нафақани тайинлаш ёки рад этиш қарори ҳақида аризачига «SMS» хабар орқали маълум қилинади.

Бу ҳақда қўшимча маълумотларга эга бўлишни истасангиз, бўлимимизга мурожаат этинг.

Ғуломжон МЎМИНОВ,

БТПЖ туман бўлими етакчи мутахассиси.