«ОВЧИБУЛОҚ» ЯНГИ БИНОДА
«Обод қишлоқ» дастури доирасида Овчибулоқ ва Даҳиякота МФЙларида катта ҳажмда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
2-сектор ҳудудидаги Овчибулоқ МФЙда олтита кўча мавжуд бўлиб, тўрт ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Маҳалланинг ҳозиргача муқим бир биноси йўқ эди.
Вилоят ҳокими «Овчибулоқ» ёшлар кичик саноат зонаси билан танишиш жараёнида мазкур маҳалла учун замонавий бино қурилиши таклифини берган эди. Қисқа вақт – уч ой давомида «Зилол сув қурилиш» МЧЖ томонидан 480 миллион сўм маблағ эвазига маҳалла учун янги бино қуриб, фойдаланишга топширилди. Бинода МФЙ раиси, раиснинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ўрин олган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими томонидан хоналарга тўлиқ жиҳозлар ажратилди. «Маҳалла» ХЖФ туман бўлинмаси томонидан замонавий компьютерлар берилди. Бинонинг ертўла қисмида тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилиб, хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади.
Янги йил арафасида Овчибулоқ МФЙнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Унинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Шуҳрат Мусаев, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг ўринбосари Тоҳиржон Исматиллаевлар сўзга чиқиб, барчани Янги йил байрами ва янги бино билан самимий табриклашди.
Нуронийлар дуога қўл очиб, мазкур бино халққа кўп йиллар хизмат қилишини тилашди.
Аъзамжон МЎЙДИНОВ,
туман Кенгаши депутати.

