ТИНЧЛИГИМИЗ ПОСБОНЛАРИ

Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини», -деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан, кубравия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. Замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ ораси-даги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни қўлларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади. Тарихимиздан бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноятдир.

Ҳар бир инсон ўз Ватани, оиласи ва халқини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши лозим. Аксинча, Ватанга хиёнат қилиш, ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслик ҳисобланади.

Эй, яратган роббим азиз ва мўътабар ватанимиз – жонажон Ўзбекистонни ўзинг бундан-да фаровон қилгин, осмонини мусаффо айла, халқимиз тинчлиги ва бахтини зиёда қил.

Олимхон ИСАҚОВ,

туман бош имоми.