Уйчи тумани ҳокими Шуҳрат Мусаевнинг «маҳаллабай» тизими бўйича янгича иш ташкил этиш юзасидан туманимиз аҳолиси ва кенг жамоатчиликка М У Р О Ж А А Т И
Азиз ҳамюртлар! Қадрли уйчиликлар, нуроний отахону онахонлар, меҳрибон опа-сингилларимиз, келажагимиз эгалари бўлган шижоатли ёшларимиз!
Кейинги йилларда юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар барқарор тус олди. Айниқса, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли ва тизимли ишлар бугун ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.
Бу каби эзгу ишларни янада ривожлантириш мақсадида Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Унинг асосида «Инсон қадри учун», деган улуғвор ғоя амалга ошириляпти. Муҳтарам Юртбошимиз таклифлари билан 2022 йил мамлакатимизда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас.
Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Шу боис, ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятимизнинг бош мезонига айланган.
Туманда 2021 йилда амалга оширилган иқтисодий ва макроиқтисодий кўрсаткичларга тўхталадиган бўлсам, йил якуни билан аввалги йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 110,5, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104,5, пудрат ишлари 112,5, чакана савдо айланмаси 107,1 ва жами хизмат ҳажми 121,0 фоизни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари улуши 3 млн. 749 минг сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6 млн. 692 минг сўмни, пудрат ишлари 2 млн. 250 минг сўмни, чакана савдо айланмаси 2 млн. 932 минг сўмни ва хизмат ҳажми 3 млн. 176 минг сўмни ташкил қилди.
Туманда бугунги кунда 394 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатиб келмоқда. Шулардан 159 таси пахта ва ғалла, 134 таси боғдорчилик, 46 таси чорвачилик, 29 таси паррандачилик, 7 таси балиқчилик, 19 таси бошқа йўналишдаги фермер хўжаликларидир. Шулардан 159 таси кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилган. Уларда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик, интенсив боғ, сервис хизматлари ва мактабгача таълим йўналишлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Туманда 2021 йилда 12,9 минг тонна гўшт, 46,2 минг тонна сут, 236 тонна балиқ, 67 млн. дона тухум маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Чорвачилик тармоғини 2022 йилда барқарор ривожлантириш учун жами қорамол бош сонини 55775 бошга, парранда сонини 1 млн. бошга, шундан она товуқлар сонини 290000 бошга етказилади. 13000 тонна гўшт, 48 минг тонна сут, 72 млн. дона тухум ишлаб чиқарилади. «Уйчи парранда» МЧЖ наслли тухум экспортини йўлга қўяди. Жумладан, Тожикистон давлатига 1 млн. дона, Афғонистон давлатига 288 минг дона тухум экспорт қилинади.
Туманда 56 та МФЙда 36 минг 342 нафар томорқа ер эгалари мавжуд бўлиб, улардаги экин майдони 1 минг 960 гектарни ташкил этади. 1 минг 12 нафар деҳқон хўжалиги, 1 минг 89 та дала томорқаси мавжуд. Аҳоли томорқаларида 2022 йил 1 январь ҳолатига 2 минг 64 та 26,1 гектар майдонда иссиқхона мавжуд. 2022 йилда 893 та 11,6 гектар майдонда ихчам усулда аҳоли томорқаларида иссиқхонлар қуриш режалаштирилган.
Туманда бугунги кунда 6 та «Томорқа хизмат» МЧЖ аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, 34 та қўшимча томорқа хизмат МЧЖ ташкил этилиб, МФЙлардаги аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиши режалаштирилди.
Шу ўринда, алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, Президентимизнинг 2021 йил 16 декабрдаги «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 54-сонли қарорлари томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришни кўпайтириш орқали аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратишда катта аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур қарор билан томорқа ер эгаларига:
-қоида тариқасида, 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш, шунингдек, ихчам иссиқхоналар, «дала дўконлари» қуриш, артезиан қудуқларини қазиш;
-кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик;
-полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик учун кредит ажратилади;
-«Томорқа хизмати» МЧЖларга уруғлик ва кўчат, мотокультиватор ва мини трактор, инкубатор харид қилиш ҳамда айланма маблағ учун 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
-етакчи тадбиркорлик субъектларига аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.
Бу имконият ва имтиёзлардан, албатта, оқилона фойдаланишимиз керак.
Бугунги кунда Уйчи тумани аҳолиси 222 минг 119 нафарни ташкил этади. Шундан 109508 нафарини хотин-қизлар, 125 минг 649 нафари ёшлар. 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар 41536 нафар. 2021 йилда туманда 5494 нафар аёллар «Аёллар дафтари»га киритилган бўлиб, 761,2 млн. сўм маблағ мақсадли сарфланди. Жорий йилда эса 42326 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 4253 нафардан ортиқ аёл «Аёллар дафтари»га киритилиши учун саралаш ишлари олиб борилмоқда.
2021 йил давомида «Ёшлар дафтари»га 4073 нафар ёшлар киритилган эди. Амалга оширилган ишлар натижасида 3832 нафари «Ёшлар дафтари»дан чиқарилди. «Ёшлар дафтари» жамғармасига 2021 йил давомида 1 млрд. 944 млн. сўм маблағ шакллантирилди.
2021 йил май ойдан бошлаб ёшлар дафтари онлайн тизимга ўтказилган бўлиб, (Daftar. mexnat.uz) электрон платформасига онлайн ариза қолдирган ҳолда ёшлар дафтарига кириш тизими жорий этилди. Жорий йилда 3 та дафтар жамғармаларига 5,3 млрд. сўм, яъни «Саховат ва кўмак» жамғармасига 1,6 млрд. сўм, «Аёллар дафтари»га 1,8 млрд. сўм, «Ёшлар дафтари»га 1,8 млрд. сўм тақсимот қилинди.
Азиз ҳамюртлар!
Барчангизга маълумки, мамлакатимизда халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди.
Бугун ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилгани ҳам аҳолининг турмуш шароитини ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтарди.
Бир сўз билан айтганда, «Маҳаллабай» ишлаш тизими бўйича мутлақо янгича ёндашув яратилиб, малакали ходимлар жалб этилди.
Туманимиздаги 56 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси лавозимига маҳаллий ҳокимият, иқтисодиёт, инвестиция, солиқ, молия ва банк идораларининг малакали ходимлари тайинланди. Энди ҳоким ёрдамчилари «ўз мижозлари»ни аниқлайди, яъни тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратишга масъул бўлиб, ер майдони, кредит ажратилиши, инфратузилмани ривожлантириш, касбга ўқитиш ва бошқа зарурий кўмак бериш тизимини йўлга қўяди. 2022 йилда иқтисодиётимиз тармоқлари ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш эътиборимиз марказида бўлади.
Шу мақсадда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича белгиланган «Йўл харитаси» фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлади.
Жорий йилнинг ўзида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолига 63,8 млрд. сўмлик кредит маблағи тақдим этилиши режалаштирилди. Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун 997,3 млрд. сўм маблағ ажратилади, бу билан 12100 та янги иш ўринлари яратилади.
«Уйчи туманини «Ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш» дастури амалга оширилади.
Меҳнат балансига кўра 9115 нафар ишсиз мавжуд бўлиб, шундан меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар 3578 нафарни (мактаб битирувчилари 2172 нафар, ўрта махсус таълим битирувчилари 990 нафар, олий таълим битирувчилари 416 нафарни) ташкил этмоқда. Аҳолининг доимий даромад манбаси яратилиб, турмуш фаровонлиги ошади, камбағаллик даражаси қисқартирилиб, ишсизлик даражасини пасайтириш бўйича иш олиб борамиз. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритиладиган оилаларнинг бандлигини таъминлаш алоҳида эътиборимизда бўлади.
Умумий қиймати 639,2 млрд. сўмлик 5 та кичик саноат зонаси ташкил этиш ҳисобига 7 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиб, 24 та маҳалланинг ишсиз фуқаролари қамраб олинади. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига жами 3655 та янги иш ўринлари яратилади.
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда асосий «ўсиш нуқталари» – драйвери сифатида мева-сабзавотчилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўл бўйи инфратузилмаси ривожлантирилади.
Мазкур ишларнинг амалга оширилиши натижасида туманимиз аҳолисининг даромади ортиши билан бир қаторда, камбағал фуқаролар қолмаслигига эришиш кўзда тутилган.
Кўриб турганингиздек маҳаллаларда бугун инсонларни рози қилиш учун барча иқтисодий асослар таъминлаб берилди. Бироқ, масаланинг иккинчи томони ҳам борки, берилаётган имкониятларни нотўғри талқин қилиниши натижасида боқиманда кайфиятдаги аҳоли қатлами ҳам шаклланиб қолгани сир эмас.
Ҳар бир ёрдам ва қўллаб-қувватлашни фуқароларимиз ўз йўлини топиши учун бошланғич сармоя ва имконият деб қараши лозим. Бундан самарали фойдаланиб, улар маблағини кўпайтириши ва даромадини орттириб бориши зарур.
Туманда томорқасидан, ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб, йилига 3-4 мартадан ҳосил олаётганлар бор. Шу билан бирга, ерни қаровсиз қолдириб, бир туп ниҳол экмаганлар ҳам бор. Энди бундай ҳолатларга барҳам беришимиз зарур.
Туманда иккита асосий муаммо бор: бу ҳам бўлса биринчиси ишсизлик, иккинчиси уй-жойга бўлган талаб юқорилигидир. Ҳозирги кунда туман бўйича бошланғич тўловини тўлаб, уй-жой олиш имкониятига эга бўлган 307 нафар фуқаро мурожаат қилган. Бундан ташқари, бошланғич тўловини тўлай олмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож 148 нафар фуқаро уй-жой сўраган.
Сайёр қабуллар ва хонадонбай ўрганишларда энг кўп мурожаат уй-жой олиш, ер ажратиб бериш масаласида бўлади. Туман ҳокимлиги-нинг бепул уй-жой билан таъминлаш ва ер ажратиб бериш ваколати йўқ. Шундан келиб чиқиб, бор имкониятлардан оқилона фойдаланиш, яшаш хонадонларида замонавий икки қаватли уйлар қуриш зарур.
Азиз уйчиликлар, нуроний отахону она-хонлар, меҳрибон опа-сингиллар, келажа-гимиз эгалари бўлган шижоатли ёшлар!
Ўйлайманки, бугунги Мурожаатимда ўртага қўйилган устувор вазифалар бўйича кўпни кўрган донишманд нуронийларимиз, қалби тоза ташаббускор ва шижоаткор ёшларимиз – кенг жамоатчиликка ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради. Ҳар бир масалани биргаликда муҳокама қилиб, халқимиз учун маъқул таклифлар, ташаббус ва лойиҳаларни илгари сурамиз, албатта. Шу маънода, биз бугун ўз олдимизга қўяётган улкан мақсад ва вазифаларни амалга оширишда Сизларга таянаман.
Мана шундай бирлик ва ҳамжиҳатлик, ўз куч ва имкониятларимизга, келажакка бўлган улуғ ишонч билан барчамиз «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган ягона мақсад атрофида бирлашиб, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, фидокорона меҳнат қилиб, ўз орзу-мақсадларимизга эришамиз.
Бошланган хайрли ва эзгу ишларда барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, сўнмас шижоат тилайман.
Эътиборингиз учун катта раҳмат!

