БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ – УСТУВОР ВАЗИФА

Дунё тажрибаси шундан далолат берадики, болалар ҳар доим давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик қилиш ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлади.

Бола ҳуқуқлари – бу ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар, ҳеч бир камситишсиз ҳар бир бола эга бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардир.

Бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилиш зарурати Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Билл, шунингдек, болалар  манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, 1959 йилдаги Бола ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.

Ушбу декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжатдир. Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.

Мамлакатимиз 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши натижасида унинг қоидаларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган. Болаларнинг Конвенцияда кўрсатилган ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар ва кафолатлар яратиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан  ҳисобланади.

АҚШ Меҳнат департаментининг 2019 йил якунлари бўйича «Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари» бўйича ҳисоботида Ўзбекистон сўнгги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш, шунингдек, болалар меҳнатининг оғир шаклларини йўқотиш, уларга нисбатан мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича сезиларли ишларни амалга оширгани таъкидланган.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда мамлакатимизда бу борада бир қатор самарадор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, пахта йиғим-теримида болалар меҳнатининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилди. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилди ва бундай ҳолат такроран содир этилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Санобар ТЎРАБОЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси.