СИМОБ – ЗАҲАРЛИ
Кундалик ҳаётимизда шундай асбоб ва ускуналар учрайдики, уларнинг таркибида симоб ва унинг бирикмалари мавжуд бўлади. Симоб моддаси ўта хавфли, заҳарли оғир металлар жумласига киради ва у доимо суюқ ҳолда бўлади. Айниқса, унинг буғланишидан ҳосил бўлган заҳарли модда инсонлар, ўсимликлар ва барча тирик организмлар ҳаёти учун ўта хавфли ҳисобланади.
Инсониятга қадимдан маълум бўлган бу кимёвий элемент ер юзида соф ҳолда ва бирикма ҳолида учрайди. Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, бир йилда бутун дунёда ўр-тача 5 минг тонна симоб ишлаб чиқарилади ва у турмуш ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида ишлатилади.
Симоб (Hg-200,6. Merkucius) – суюқ ҳолда учрайдиган ўта оғир ва заҳарли металл бўлиб, оддий хона ҳароратида буғланади, сувда умуман эримайди, фақатгина сульфат, азот кислоталарида эрийди. Симобнинг атмосфера ҳавосидаги рухсат этилган концентрацияси жуда кичик бўлиб, бир м3 ҳажмдаги ҳаво тарикибида 0,0003 миллиграммни ташкил қилади, хавфлилик тоифаси-1. Ундан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш лозим.
Турмушда, асосан, ёритгич лампалар, тана ҳароратини ўлчовчи термометр ва танометр каби асбоблардан фойдаланилади. Симобли лампалар яроқсиз ҳолга келгандан сўнг, таркибидаги симобнинг буғланиши натижасида атроф-муҳит ёки бино ичларида хона ҳавоси заҳарланади.
Симоб билан заҳарланганда кишида сўлак безларининг ажралиши тезлашади, милклар қонайди, кейинчалик милкларда симоб сульфиднинг қорамтир чўкмаси ҳосил бўлади. Бундан ташқари, жағ ва нафас йўллари мушакларида тортишиш, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, қайт қилиш кузатилади. Юрак фаолияти бузили-ши, унинг қуввати пасайиб, одам ҳатто ҳушидан кетиши мумкин. Симоб билан сурункали заҳарланишда хотиранинг пасайиши, мулкларнинг бўшаши, сўлакнинг кўп ажралиши, эшитиш ва кўришнинг пасайиши, қўл ва оёқларда қалтироқ пайдо бўлиши кузатилади.
Бундай ҳолларда беморни қайт қилдириш, унга сут, тухум оқини бериш йўли билан ошқозонни тозалаш лозим бўлади. Шу билан биргаликда зудлик билан симоб тўкилган хонани, шамоллатиш, симоб томчилари тўкилган жойларга қуруқ олтингугурт кукунини сепилса, симоб сульфид бирикмаси ҳосил бўлади ва уни осонлик билан супуриб олиш мумкин. Сўнгра хона ичи, пол ва плинтуслар четларини темир уч хлорид тузининг эритмаси ёки марганцовка билан ювилиши керак. Бундай имконият бўлмаган ҳолларда жойлардаги давлат сантария эпидемиология назорати ходимларига мурожааат қилиш лозим.
Республика ҳудудида экологик ҳолатни янада яхшилаш ва ишлатишга яроқсиз ҳолга келган симобли лампаларни ва бошқа шундай ускуналарни зарарсизлантириш бўйича махсус рухсатномаси бўлган ташкилотларга мурожаат қилиш зарур бўлади.
Симобли лампалар ва бошқа шунга ўхшаш таркибида симоб моддаси бўлган асбоб-ускуналарни чиқиндихоналарга ташламаслик ва синдирилишига асло йўл қўймаслик ҳар бир фуқаронинг бўрчидир.
Араббой АЗИМОВ,
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспекцияси давлат инспектори.

