СИДҚИДИЛ МЕҲНАТЛАР ЭЪТИРОФИ
Кейинги йилларда халқ таълими тизимида катта ислоҳотларга қўл урилмоқда. Тизимни тубдан ислоҳ қилиш асносида ёш авлодни бугунги глобал ўзгаришлар замонасида ўзининг мустаҳкам позициясига эга, қатъиятли шахсни тарбиялаш масаласи мужассамдир.
Бунинг учун эса замон талаби, энг сўнгги таълим технологиялари талабига мос дарслик китоблар яратиш ва бунинг учун энг илғор педагогик салоҳиятга эга кадрлар тажрибасига таяниш ўз самарасини кўрсатмоқда.
Қувонарлиси, рус тили фанидан 5-синф дарслигини яратишда ҳамюртимиз, тумандаги 3-мактабнинг олий тоифали ўқитувчиси, Наманган вилояти Ўқитувчилар Ассоциацияси жамоат бирлашмаси раиси Исакжанова Зулхумор Аббасовнанинг муаллифлар қаторида эътироф этилганидир. Ўқув дарслик китобида Зулхумор Исакжанова билан бир қаторда Бухоро шаҳридан Шаряева Моника Камиловна, Москвадан Шорина Татьяна Александровна тақдим этган лойиҳалар уйғунлаштирилиб, мукаммал қўлланма яратилди.
Қаҳрамонимиз Зулхумор турмуш ўртоғи Фарҳоджон билан Нуралиевлар ва Исакжановлар сулоласини муносиб давом эттириб келмоқдалар. Тўнғич фарзанд Ширин ота-она изидан бориб, ҳозирда рус тили фани муаллимаси сифатида жамоасида ўзига яраша ҳурмат-эътибор қозонган. Ўғли Шерзодбек АҚШ университетида магистратурани тамомлади, меҳнат фаолиятини Қўшма Штатларда давом эттирмоқда. Кенжатой Шаҳзодбек ҳам изланишда катталардан қолишмай, дейди. У 11-синф ўқувчиси. Кейинги йилларда фан олимпиадасининг туман ва вилоят босқичларида мунтазам фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
-Мазкур ўқув дарслигининг мақсади аввалгиларидан тубдан фарқ қилади, -дейди муаллиф З.Исакжанова. -Янги дастур рус тилини қардош халқ тили эмас, балки хорижий тил сифатида ўргатиш ва ўрганишга йўналтирилган.
Дарҳақиқат, бугун Зулхумор Аббасовнанинг ижодий меҳнатидаги ушбу ютуқ бутун туман халқ таълимига берилган юксак эътироф сифатида қаралмоқда. Биз изланувчан ва интилувчан муаллимага кейинги фаолиятида ҳам улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

