ҚУЛАЙЛИК ЯРАТАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6191-сонли Фармонига асосан 18 турдаги маълумотнома (ҳужжатларни) талаб қилиш бекор қилинди, «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиниши ҳамда хизматларни экстротериториал тамойил асосида амалга оширилиши белгиланди. Президентимизнинг 2020 йил 24 августдаги «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6044-Фармонига асосан «Лицензия» ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6269-сонли Фармонига асосан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, I ва II гуруҳ ногиронларга давлат хизматларини кўрсатишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно) қўлланилди.

2022 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш ва бериш йўлга қўйилиб, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан ва тадбиркорлардан фактларни тасдиқловчи маълумотларни талаб қилиш бекор қилинди. Давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш механизмининг шакллантирилиши ортиқча, кераксиз ҳужжатлар йиғишни бартараф этади.

О.ОТАХОНОВ,

туман ДХМ катта мутахассиси.